Спорт | 11:50 / 10.03.2020
12109
3 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқ туманида қарийб 5 млрд сўмлик БЎСМ фойдаланишга топширилди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

9 март куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5та муҳим ташаббус доирасида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

Лойиҳа қиймати 4 миллиард 835 миллион сўм бўлган (шундан 3 млрд 492 млн сўм давлат бюджети, 1 млрд 343 млн сўм маҳаллий бюджет) мазкур объектнинг ишга туширилиши натижасида бу ерда ажойиб футбол стадиони, очиқ типдаги баскетбол ва волейбол майдончалари, югуриш йўлакчаси ҳамда 12×24 ўлчамдаги спорт зал маҳаллий ёшлар ихтиёрига топширилди.

Эндиликда ушбу болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 12та спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этилиб, уларга қарийб минг нафарга яқин маҳаллий ёшларни қамраб олиш имконияти яратилди.

Табиий майсали футбол майдонининг ўлчамлари бемалол Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиб келинаётган Про-лига мусобақаларини қабул қилиш имконини беради. Майдон ҳолати ҳам идеал даражада. Шу сабаблими «Б» Про-лига иштирокчиси бўлмиш «Рубин» жамоаси ўз уй учрашувларини шу стадионда ўтказиш истагини билдирмоқда.

Қуйи Чирчиқ тумани БЎСМнинг мазкур филиали 1974 йилда қурилган бўлиб, ўз вақтида бу ерда футбол бўйича халқаро турнирлар ташкил этилган. Аммо, кейинчалик ушбу стадион ва спорт зал қаровсиз аҳволга келиб қолганди. Капитал таъмирдан кейин мажмуа замонавий кўриниш олди.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очиқ баскетбол майдонида мини-футбол ва гандбол билан ҳам шуғулланиш имконияти мавжуд. Очиқ волейбол майдонини эса бадминтон спорт турига мослаштириш мумкин. Хуллас, Қуйи Чирчиқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби асосан спортнинг ўйин турларини ривожлантиришга ихтисослашган, десак адашмаймиз. Спорт зал эса бокс ва кураш турларига мослашган. Шунингдек, бу ерда қор-ёғинли кунларда волейбол билан ҳам шуғулланса бўлади.

Қуйи Чирчиқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тантанали очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Акмал Холмуродов ҳамда спорт жамоатчилиги иштирок этди.

Шунингдек тадбирда, эркин кураш бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби ва Осиё чемпиони таниқли спорт устаси ҳозирги кунда мураббийлик касби билан шуғулланаётган Дилшод Мансуров ҳам сўзга чиқиб, ёш спортчиларга берилаётган бу каби эътибордан хурсандлигини қайд этди.

Тадбир якунида Қуйи чирчиқлик спортчи ёшлар йиғилганларга ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Мавзуга оид