Жаҳон | 17:02 / 12.03.2020
7267
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда коронавирус хавфи сабабли оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, ҳозирга қадар Қирғизистон ҳудудида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган. 500дан ортиқ киши шифокорлар назорати остида. 

Фото: РИА Новости

Қирғизистон бош вазири Муҳаммедкалий Абилгазиев мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.

"Ҳукумат коронавирус инфекцияси борасидаги эпидемиологик вазият яхшиланмагунича маданий, спорт ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга вақтинчалик чеклов ўрнатди. Бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев тегишли қарори имзолади", - деб маълум қилди ҳукумат матбуот хизмати вакили.

Хабар қилинишича, савдо, хизматлар ва умумий овқатланиш муассасаси соҳаларида фаолият олиб борадиган жисмоний ва юридик шахсларга чеклов бекор қилинмагунича оммавий тадбирлар ўтказмаслик тавсия этилади.  

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумот беришича, ҳозирга қадар Қирғизистон ҳудудида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолат қайд этилмаган. 500дан ортиқ киши шифокорлар назорати остида. 

Хитой билан чегара ёпилган, мамлакатга бошқа давлатлардан кириб келаётганлар тепловизорлар ёрдамида текширилмоқда. Коронавирус тарқалган мамлакатлардан келувчилар икки ҳафталик карантинга жойлаштирилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид