15:40 / 13.03.2020
7108

Чемпионлар лигаси ва Европа Лигаси коронавирус туфайли тўхтатилди

УЕФА Европада коронавирус тарқалиши авж олиши муносабати билан Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасининг кейинги ҳафтадаги барча ўйинларини бекор қилди. Энди ушбу турнирлар номаълум муддатга қадар тўхтатилади.

Фото: Reuters

Кейинги ҳафтада, 17-18 март кунлари ЕЧЛ плей-офф босқичи доирасида «Манчестер Сити» - «Реал», «Ювентус» - «Лион», «Бавария» - «Челси» ҳамда «Барселона» - «Наполи» ўйинлари ўтказилиши режалаштирилганди. Аввалига бу ўйинлар стадионда мухлисларсиз бўлиб ўтиши кўзда тутилганди. Бу қарор 19 март куни турнирнинг Ёшлар жамоалари ўртасидаги ўйинларига ҳам тааллуқли. 

Бу қарор ортидан еврокубокларнинг 1/4 финали учун қуръа ташлаш маросими ҳам кечиктирилади.

17 март куни УЕФА фавқулодда йиғилиш ўтказиб, спорт турнирлари тақдирини муҳокама қилади. LʼEquipe нашри маълумотига кўра, бу йиғилишда футбол бўйича Европа чемпионатини кейинги йилга қолдириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Бунгача коронавирус инфекцияси хавфи туфайли Италия ва Испания чемпионатлари тўхтатилганди.

Бугун Франция чемпионатида ҳам танаффус эълон қилинди, яқин вақтлар ичида Германия ва Англия чемпионатлари тақдири ҳам муҳокама қилиниб, қабул қилинган қарорлар эълон қилиниши кутилмоқда.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб коронавирусдан зарарланганлар 135 минг нафардан ошиб кетди. 5 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 70 мингдан ортиқ киши соғайди.
Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top