Жаҳон | 18:43 / 14.03.2020
99137
1 дақиқада ўқилади

Кореяда Ўзбекистон фуқаросида коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлар тарқади

Жанубий Кореянинг бир неча ахборот порталлари 60 нафар хорижликда COVID-19 аниқланганлиги тўғрисида янгиликлар эълон қилди.

Фото: REUTERS

Жанубий Кореядаги коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган марказий штаб маълумотига кўра, касаллик аломатлари кузатилган чет элликларнинг 38 нафари Хитой Халқ Республикаси фуқароси, 7 нафари эса америкалик экани таъкидланмоқда. Мўғулистон, Вьетнам, Аргентина ва Таиланд фуқароларида 2тадан, Ўзбекистон, Польша, Индонезия ва Япония фуқаросида битта ҳолат кузатилган.

Kun.uz’нинг Жанубий Кореядаги мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Консуллик идораси билан боғланди. Маълум бўлишича, маълумотлар расмий келтирилмаган, соғлиқни сақлаш идоралари билан алоқага чиққан ҳолда аниқлик киритишга ҳаракат қилинаётгани айтилди.

Newsis ва JoongAng Ilbo нашрлари тарқатган хабарларда хорижликларнинг қайси шаҳарда касалланган эканлиги борасида батафсил маълумот берилмаган.

Айни пайтда 6 давлат фуқаролари махсус иммиграция назорати остида: Хитой, Ҳонгконг, Макао, Япония, Италия ва Ирон.

14 март ҳолатига кўра, Жанубий Кореяда касалликка чалинганлар сони 8086ни ташкил этмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид