Ўзбекистон | 08:47 / 14.03.2020
2549
3 дақиқада ўқилади

Навоий ИЭСда 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмаси қурилади

“Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: nav.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи доирасида “Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ўртасида 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, 30 йил муддатда қайтариш шарти билан, 128 246,0 млн. япон иенаси миқдорида қарз битими имзоланган;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 16 июндаги ПҚ–3857-сон қарорига мувофиқ халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим қилинади;

лойиҳанинг амалга ошириш муддати 5 йил (2020-2024 йиллар) этиб белгиланган.

Белгилаб қўйилишича:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан масъул ижро этувчи ҳисобланади;

“Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти JICA томонидан ажратилган қарз маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

JICAнинг қарзини қайтариш, шу жумладан, фоизларни тўлаш, комиссия тўловлари ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар “Навоий ИЭС” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти JICA томонидан ажратилган қарздан фойдаланиш учун “MUFG Bank, Ltd” (Япония) банки билан банклараро битимни тузади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан JICAдан олинган қарздан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги агентлик битимини “Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти ва “Навоий ИЭС” АЖ билан тузади.

“Навоий ИЭС” АЖ лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида, тендер ўтказмасдан бош пудратчини танлаб олиш учун тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тендер ўтказиш ва тендер қатнашчиларининг тендер таклифларини баҳолаш бўйича консультант хизматларига “Tokyo Electric Power Services Co., Ltd” (Япония) компанияси билан 589,0 млн. япон иенаси миқдорида тўғридан-тўғри шартнома тузилишига розилик берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид