Жаҳон | 08:07 / 16.03.2020
8444
2 дақиқада ўқилади

Испания қироли отаси билан боғлиқ можаро сабабли меросдан воз кечди

Испания қироли Филипп VI отаси томонидан Саудия Арабистонидан маблағлар олингани атрофидаги можаро ортида меросдан воз кечишга қарор қилди.

Фото: EPA

Филипп VI отаси Хуан Карлос I’дан олиши мумкин бўлган меросдан воз кечган. Бу ҳақда қироллик саройи баёнотида маълум қилинган.

Таъкидланишича, қирол отаси меросидан ва ноқонуний қўлга киритилган бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай актив, инвестиция ёки молиявий тузилмадан воз кечишга қарор қилган. 
 
Бундан ташқари, Филипп VI қарорига кўра собиқ давлат раҳбари Хуан Карлос I эндиликда қироллик саройи бюджетидан маблағ олмайди.
 
El Pais нашрининг хабар беришича, ушбу қарор Саудия Арабистонидан собиқ қиролнинг Панамадаги жамғарма номига очилган Швейцариядаги ҳисобрақамига 100 млн евро ўтказилгани тергов қилина бошлангандан кейин қабул қилинган. 

ОАВ маълумотларига кўра, бу пуллар Хуан Карлос I’га Макка ва Мадина ўртасида тезюрар поезд йўли қуриш бўйича испан компаниялари билан шартнома тузишда воситачилик қилгандан кейин Саудия Арабистони подшоҳига яқин одамлар томонидан “совға ситфатида” ўтказилган.

Шунингдек, матбуотда Филипп VI отаси томонидан тузилган жамғарма бенефициари бўлиши мумкинлиги маълум қилинган. Қирол бу ҳақда 2019 йил  мартигача ҳеч нарса билмаган ва агар маълумот ҳақиқатга мос бўлса, бенефициар бўлишдан бош тортишини айтган. 

Мавзуга оид