Ўзбекистонда бирорта ҳам бозор ёпилмайди, импортга чеклов йўқ – ДСҚ раиси
Коронавирус туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги ҳақидаги ваҳималар асоссиз. Импортдан келадиган маҳсулотларга ҳеч қандай чеклов йўқ, деб маълум қилди Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев.
Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши муносабати билан аҳолида туғилаётган қатор саволларга жавоб олиш учун Kun.uz мухбири Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев билан суҳбатда бўлди.
«Нарх-наво ошишига нималар сабаб бўлади? Бу – ваҳима, қўрқув. Эртага уйимда ҳеч нарса қолмайди, шунинг учун 6 ойлик, керак бўлса, айрим ҳолларда 1 йиллик, йўқ деганда 3 ойлик маҳсулотларни йиғиб қўяйлик, деган ваҳима бозорда маҳсулотларнинг камайиб кетишига олиб келади ва натижада нима бўлади? Табиийки, нарх-наво ошиб боради», – дейди Беҳзод Мусаев.
У чакана савдо соҳасидаги икки йирик тармоқ раҳбарлари билан гаплашганини айтди.
«Бош вазир йиғилишидан кейин шахсан ўзим республикадаги 2та катта тармоқ, бири Korzinka бўлса, иккинчиси Makro`нинг раҳбарлари билан гаплашдим. Ҳақиқатда уларнинг бугунги мониторинги одам кўплигини кўрсатяпти. Гуруч борми, мева-сабзавотлар борми, гўштми – ҳаммасини олишни ҳаракатига тушишган. Бу – ваҳима касали.
Битта нарсани аниқ айтишим керак: эртага шу одамлар бозорга боради. Республика бўйича бирорта бозор ёпилмайди. Ҳаммаси қандай иш режимида ишлаётган бўлса, шу иш режимида давом эттиради.
Авваламбор, бозорларимизда маҳсулот мўл-кўл. Буни ҳамма билади. Бунга бутун дунёда бизга ҳавас қилади. Ана шу мўл-кўл маҳсулотлар турган жойида йиғиб қўйиб, 5 литрлик ёғ бир оилага 3 ойга етади. Лекин ҳозир 5та 5 литрли ёғни олиб қўйишнинг нима кераги бор?
Иккала тизим раҳбари ҳам маҳсулотларимизнинг етарли даражадаги захирасига эга эканини айтди. Маҳсулот сотилишига қараб, пештоқларни тўлдириб борамиз. Ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деди», – деб таъкидлади Солиқ қўмитаси раҳбари.
Беҳзод Мусаев маҳсулотлар импорти тўхтатилмаслигини ҳам қўшимча қилди.
«Korzinka савдо тармоғининг раҳбари менга масала кўтардики, пештахталардаги айрим маҳсулот турлари импортдан келади. Уларга чеклов бўлмайдими деди. Россия, Қозоғистон, ғарбдан келадиган импорт маҳсулотлари кўп. Импортдан келадиган маҳсулотларга ҳеч қандай чеклов йўқ.
Бу бўйича ҳозиргина Давлат божхона қўмитаси раиси билан биргаликда мулоқот қилдик. У ҳам ҳамма чегара постларини масофадан назорат қилиш имкониятига эга. Унинг айтишича, республикага кириб келаётган бирорта озиқ-овқат маҳсулотлари тирбандлиги, санитар назорат сабабли ортиқча вақт ушланиб қолиши ҳолатлари йўқ», – деди Беҳзод Мусаев.
Мавзуга оид
09:52 / 15.11.2024
Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди
12:10 / 13.11.2024
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
08:00 / 07.10.2024