Ўзбекистон | 09:00 / 17.03.2020
34321
2 дақиқада ўқилади

Эрондан 37 нафар ўзбекистонлик олиб келинди

Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида ушбу мамлакатда бўлган Ўзбекистоннинг 37 нафар фуқароси ватанга олиб келинди. Бу ҳақда Kun.uz’га Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.  

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, рейс кеча, 16 март куни кечки соат 21:55да Наманган шаҳри аэропортига қўнган.

Улар коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани натижасида 23 февралдан буён Эроннинг «Лутфобод» постидаги терминалда қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, шунингдек, талабалар, тадбиркор ва дипломатлардир.

Йўловчилар махсус кийим-бошлар билан ҳимояланган тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан бирма-бир дезинфекция қилиниб кейин самолётдан чиқарилган ва улар автобусларда тиббий назорат карантинида сақлаш учун тайёрлаб қўйилган тиббиёт муассасаларига жўнатилган.

 

16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Бундан аввалроқ, 16 март куни кечқурун Наманган аэропортига Латвия пойтахти Ригадан учган самолёт ҳам қўнгани, унинг бортида келган 175 нафар ўзбекистонлик икки ҳафталик карантинга жойлаштирилиши ҳақида хабар қилинганди.

  • Эрон ва Ригадан олиб келинган фуқаролар Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ва Косонсой сиҳатгоҳларидаги махсус тайёрлаб қўйилган жойларга ётқизилиб, 14 кунлик карантин назоратига олинади. 

Мавзуга оид