11:31 / 17.03.2020
13048

Камерал солиқ текширувини ўтказиш тартиби маълум бўлди

Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, камерал солиқ текшируви – солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларни ва (ёки) солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органда мавжуд бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан солиқ органи томонидан амалга ошириладиган текширувдир.

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан солиқ органи жойлашган ерда амалга оширилади.

Камерал солиқ текширувининг мақсади солиқ тўловчига солиқ органлари томонидан камерал солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ ҳисоботларида аниқланган тафовутларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини беришдан иборатдир.

Камерал солиқ текшируви солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи асосида ўтказилади. Буйруқда солиқ тўловчининг номи ва идентификация рақами, текширувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, текширувни ўтказиш муддатлари, текширилаётган давр, текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари кўрсатилади. Кўрсатиб ўтилган маълумотлар буйруқнинг иловасида акс эттирилиши мумкин.

Қўшилган қиймат солиғи суммасини қоплашга нисбатан камерал солиқ текшируви солиқ органининг буйруғисиз, Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар солиқ (ҳисобот) даври учун солиқ мониторинги ўтказилаётган бўлса, бундай давр учун камерал солиқ текшируви ўтказилмайди. Мазкур қоида солиқ мониторинги муддатидан олдин тугатилганда қўлланилмайди.

Солиқ тўловчи томонидан илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботига нисбатан бюджет тизимига тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси камайтирилган ёки кўрилган зарар суммаси кўпайтирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган ҳолларда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи камерал солиқ текширувидан ўтказилади. Бунда, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан эътиборан уч кун ичида камерал солиқ текшируви бошланиб, Низомда ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш муддати мазкур текширувни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан белгиланади.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органи солиқ тўловчидан (солиқ агентидан, учинчи шахсдан) сўровнома орқали:

бирламчи ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошқа ҳужжатлардан иборат ҳисоб ҳужжатларни;

тақдим этилган солиқ ҳисоботларига доир тушунтиришларни;

ҳисоб ҳужжатларига доир тушунтиришларни;

солиқларни (йиғимларни) ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ бошқа ахборотларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Сўровнома электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади. Юборилган сўровнома солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин ушбу сўровнома жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.

Ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисидаги сўровнома текширилаётган шахсга (унинг вакилига) шахсан имзо қўйдирган ҳолда топширилиши мумкин.

Солиқ органининг сўровномасига жавобан талаб этилган ҳужжатлар ва (ёки) тушунтиришлар солиқ тўловчи томонидан сўровнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида тақдим этилиши керак.

Агар солиқ тўловчи сўралган ҳужжатлар ва (ёки) тушунтиришларни узрли сабабларга кўра солиқ органига тақдим эта олмаса, солиқ тўловчи сўровномани олган кундан кўпи билан беш иш кунлик муддатда шу ҳақда солиқ органини хат орқали хабардор қилиши шарт. Ушбу хатда сўралган ҳужжатларнинг белгиланган муддатда тақдим этила олмаслик сабаблари ва зарур бўлган муддат кўрсатилади.

Солиқ органи солиқ тўловчидан хатни (хабарномани) олган кундан эътиборан икки иш куни ичида ҳужжатларни тақдим этиш муддатларини узайтириш ёки муддатни узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Мазкур қарорда ҳужжатларни тақдим этишни узайтириш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.

Ҳужжатларни (ахборотни) учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарур бўлган ҳолларда солиқ органи текширилаётган солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларга (ахборотга) эга бўлган контрагентдан ёки бошқа шахслардан ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олишга ҳақли.

Камерал солиқ текшируви жараёнида текширилаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, солиқ органи Солиқ кодекснинг 111-моддасига асосан солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлашдаги ушбу усул камерал солиқ текшируви ўтказилаётган солиқ тўловчининг контрагентига татбиқ этилмайди.

Агар камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчининг фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни (ахборотни) бошқа ҳудудда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган солиқ тўловчидан (учинчи шахсдан) олинишининг зарурати юзага келса, камерал солиқ текширувини амалга оширувчи солиқ органи ушбу ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисида солиқ тўловчи (учинчи шахс) ҳисобда турган жойидаги солиқ органига топшириқнома юборади.

Топшириқномада камерал солиқ текшируви жараёнида қандай ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш зарурати юзага келганлиги ва камерал текширув ўтказиш тўғрисида буйруқни рўйхатдан ўтказиш рақами ва санаси кўрсатилади.

Топшириқнома олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида ҳужжатлар (ахборотлар) қайси шахсдан талаб қилинаётган бўлса, ўша шахснинг ҳисобда турган жойидаги солиқ органи томонидан учинчи шахсга ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тўғрисида сўровнома юборилади.

Ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тўғрисидаги сўровномага ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқноманинг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тўғрисидаги сўровномани олган шахс сўровнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида уни бажаради ёки талаб қилиб олинаётган ҳужжатларга (ахборотга) эга эмаслиги ҳақида хат билан солиқ органига хабар беради.

Агар талаб этилган ҳужжатларни (ахборотни) кўрсатилган муддатда тақдим этиш имкони бўлмаса, солиқ органи ҳужжатлар қайси шахсдан талаб қилиб олинган бўлса ўша шахснинг ёзма мурожаатига кўра, ушбу ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш муддатини узайтиришга ҳақли.

Талаб этилган ҳужжатлар солиқ тўловчи (учинчи шахс) томонидан солиқ органига ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши, почта орқали буюртма хат билан юборилиши ёки телекоммуникация алоқа тармоқлари ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда топширилиши мумкин.

Ҳужжатлар қоғоз шаклида тақдим этилганда улар солиқ тўловчи томонидан тасдиқланган кўчирма нусха шаклида амалга оширилади. Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ органига (мансабдор шахсга) тақдим этиладиган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини нотариал тарзда тасдиқлашни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органлари мансабдор шахсининг талабига кўра, солиқ тўловчи (солиқ агенти) электрон шаклда тузилган ҳисобга олиш ҳужжатларининг қоғоздаги кўчирма нусхаларини тақдим этиши шарт, бундан электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳисобварақ-фактуралар мустасно.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ органлари солиқ тўловчидан аввалги солиқ назорати бўйича шунингдек солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида тасдиқланган кўчирма нусхалар шаклида солиқ органларига тақдим этилган ҳужжатларни қайта тақдим этишини талаб қилишга ҳақли эмас.

Агар ҳужжатлар илгари солиқ органига асл нусхалар тарзида тақдим этилиб, кейинчалик текширилаётган солиқ тўловчига қайтарилган бўлса, шунингдек солиқ органига тақдим этилиб, бартараф этиб бўлмайдиган куч ҳолатлари оқибатида йўқотилган тақдирда, ҳужжатлар текширилаётган шахсдан қайта талаб қилиб олиниши мумкин.

Ҳужжатларни (ахборотни) тақдим этиш тўғрисидаги талабномани олган солиқ тўловчи - учинчи шахс кўрсатилган қоидаларга мувофиқ бўлмаган талабнома бўйича ҳужжатларни (ахборотни) тақдим қилишни рад этишга ҳақли.

Ҳужжатларни (ахборотни) талаб қилиб олиш тўғрисидаги топшириқномани олган солиқ органи томонидан тўпланган ҳужжатлар (ахборотлар) икки иш куни ичида ушбу ҳужжатларни электрон алмашиш тизими орқали топшириқ берган солиқ органига етказилади.

Солиқ органининг камерал солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахси текширувнинг тўлиқлиги учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаштириш мақсадида, текширилаётган солиқ тўловчининг ҳудудларини ва биноларини, шунингдек ҳужжатлар ва буюмларини Солиқ кодексининг 145-моддасида назарда тутилган тартибда кўздан кечиришни амалга оширишга ҳақли.

Камерал солиқ текшируви тугагунга қадар солиқ тўловчи томонидан аввал ҳисобланган солиқ суммаси солиқ қонунчилигида назарда тутилган тартибда ўзгартирилиб, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган тақдирда, камерал солиқ текшируви тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.

Камерал солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахс текширувни амалга ошириш чоғида солиқ тўловчиларни ва солиқ агентларини ушбу текшируви муносабати билан тушунтиришлар бериш учун, шу жумладан улар томонидан солиқларнинг тўланиши (ушлаб қолиниши ва ўтказилиши) муносабати билан солиқ органига ёзма билдириш асосида чақиришга ҳақли.

Зарур бўлган ҳолларда, солиқ органи томонидан камерал солиқ текширувини амалга оширишга доир ҳаракатларида иштирок этиш учун:

солиқ назоратини амалга ошириш учун аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган ҳар қандай вояга етган жисмоний шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши;

шартнома асосида эксперт, мутахассис ва таржимон жалб этилиши мумкин.

Камерал солиқ текшируви жараёнида солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ:

ҳисоб ҳужжатларни;

товар-моддий қимматликлари ва пул маблағларининг ҳаракатлари;

хронометраж кўздан кечириш натижалари тўғрисидаги ахборотни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг олиш зарурати юзага келганда, ушбу маълумотлар солиқ органи томонидан ташкил этиладиган сайёр солиқ текшируви орқали олиниши мумкин.

Хронометраж кўздан кечириш натижалари камерал солиқ текшируви пайтида ушбу хронометраж кўздан кечириш ўтказилган ҳисобот даврида бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш учун фойдаланилади.

Камерал солиқ текшируви солиқ қонунчилигида белгиланган даъво муддати, яъни солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин.

Агар, давлат солиқ органи томонидан муқаддам ўтказилган камерал солиқ текшируви жараёнида маълум бўлмаган солиқ қонунчилигининг бузилганлигини билдирувчи ҳолатлар аниқланса, солиқ органи аввал камерал солиқ текшируви ўтказилган даврга тегишли ҳисоботларни Солиқ кодексининг 88-моддасида белгиланган солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддатига мувофиқ қайта камерал солиқ текширувидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Камерал солиқ текшируви давомида ҳуқуқни суиистеъмол қилган тарзда солиқлар суммасини камайтиришга оид схемалар аниқланса, солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этган ҳолда ўзгартиришга ҳақли.

Камерал солиқ текширувида қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар аниқланса ва бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади.

Қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ тўловчининг ҳисобга олиш ҳуқуқи товарларни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлиги аниқланса, бундай ҳолатларда солиқ органлари қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатиш киритишга ҳақли.

Ушбу банднинг биринчи-учинчи қисмларида кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Ўрганиш ва таҳлил қилиш якунлари бўйича тафовутлар ва (ёки) хатолар аниқланмаса, камерал солиқ текшируви якунланган ҳисобланади.

Top