Жаҳон | 07:35 / 18.03.2020
5594
2 дақиқада ўқилади

Германия бутун дунёдан ўз фуқароларини эвакуация қилади

Германия ҳукумати турли давлатларда қолиб кетган ўн минглаб фуқароларини қайтариш бўйича катта кўламли эвакуацияни бошламоқда. Бу мақсадда ҳукумат 50 млн евро ажратади.

Фото: Picture Alliance

Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас DW нашрига берган интервьюсида маълум қилди. 

Вазирнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси сабабли авиарейслар бекор қилингач ўн минглаб немислар уйларига қайта олмаяпти. Улардан баъзилари меҳмонхоналар ёпилгани сабабли аэропортда қолишларига тўғри келмоқда.

Мисрнинг ўзида 35 минг, Макрокашда эса 5 минг немис қолмоқда.
 
“Аргентина, Филиппин ва Мальдивда ҳам кўплаб фуқароларимиз қолмоқда”, деб қўшимча қилган Маас.
 
Германия ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун авиакомпаниялардан, биринчи навбатда Lufthansa’дан чартер рейсларни ижарага олади. Бу мақсадда 50 млн евро ажратилади. 
 
Самолётларда бўш жойлар бўлса, Германияга Европа Иттифоқининг бошқа фуқаролари ҳам олиб чиқилади. Эвакуация бир неча кун давом этади.
 
Аввалроқ немис актёри Ханно Коффлер Германия ҳукуматини ҳаракатсизликда айблаганди. Ҳозирда актёр германиялик бошқа ҳамкасблари билан Марокашда қолиб, у ердан 14 мартдан бери учиб кета олмаяпти.

“Франциялик, британиялик ва австриялик ҳамкасбларимизни қўллаб-қувватлаб, олиб чиқиб кетишаётган бир пайтда биз учун ҳеч нарса қилинмаяпти. Биз ҳозироқ уйга қайтишни истаймиз”, деб ёзган Коффлер Instagram’да.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид