Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия олийгоҳлари талабаларни ётоқхонадан чиқариб, масофавий таълимга ўтмоқда
2020 йил 18 март ҳолатига кўра, Россияда коронавирус билан касалланганлар сони 147 кишини ташкил қилмоқда.
Мамлакатдаги кўплаб олийгоҳларда масофадан туриб ўқиш жорий қилинган бўлса, баъзиларида апрелгача таътил берилган. Талабаларни кўчиришни бошлаган олийгоҳлар ҳам йўқ эмас.
Москва давлат халқаро алоқалар институтида коронавирусга қарши курашиш бошланган. «Университет раҳбарияти ётоқхоналарда максимал даражада одамларни камайтириш мақсадида у ерда яшаётганлардан биноларни ҳафта охиригача тарк этиб туришларини илтимос қилади», дейилади олийгоҳнинг талабаларга йўллаган ёзма мурожаатида.
Ижтимоий тармоқлардаги талабалар қолдирган постлар ва воқеадан бевосита хабардор одамларга асосланиб ВВС’нинг ёзишича, талабаларга йўлланган мурожаат илтимос эмас, институт ректори Анатолий Торкуновнинг буйруғи бўлган.
Талабаларни чиқариш 17-20 март кунлари ўтказилади. Жараён талабалар ва институт ўртасидаги келишувни бузмаган ҳолда амалга оширилади ва талабалар буюмларини сақлаш учун қолдириб кетишлари мумкин бўлади. Шунингдек, ётоқхонани тарк этганлар ўз жойларини сақлаб қолади.
Ректор буйруғида карантин вақтида талабаларга ресторан, кафе, театр ва спортзалларга бормаслик тавсия қилинган. 20 мартгача талабалар ётоқхоналарни тарк этиши керак. Кимдадир ижарага квартира олиш ва авиачипталар харид қилишда молиявий муаммо пайдо бўлса, институт томонидан ёрдам берилади. Институт раҳбарияти талабаларга ёрдам сўраб мурожаат қилишса, махсус комиссия аризаларини тезда кўриб ёрдам берилишини маълум қилган, лекин ҳозирча ҳеч қандай ёрдамдан дарак йўқ, дейди ВВС билан суҳбатда институт битирувчиларидан бири.
ВВС суҳбатдошининг айтишича, битирувчиларнинг бир гуруҳи карантин вақтида россиялик ва хорижлик талабаларга ўзлари ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда: «Биз ёрдамга муҳтож талабаларни излаб ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Москвада қисқа муддатда уй топиш осон эмас, айнан талабаларни карантин вақтида бирор ерга жойлаштириш борасида ишлаяпмиз», дейди институт битирувчиси.
Санкт-Петербургдаги Шимолий-ғарбий тиббиёт университети карантин борасида бошқа олийгоҳларга ўзига хос намуна бўлгани айтилмоқда. 4 март куни Санкт-Петербургда илк марта коронавирусга чалинган одам аниқланганди. У айнан тиббиёт университетининг Италиядан келган талабаси эди. Бу талаба куни кеча карантиндан эсон-омон чиқди. Айнан 4 март куни тиббиёт университетининг ётоқхоналаридан бирида 700 нафар фуқаро карантинга олинганди.
«Вконтакте»да карантин якунлари ҳақида пост эълон қилинган ва унда озиқ-овқат, гигиена маҳсулотлари билан таъминлаб турган кўнгиллиларга раҳмат айтилган. Университет ректори Сергей Сайгановнинг айтишича, икки ҳафталик карантин вақтида тиббиёт университетининг ҳаракатларидан қолган олийгоҳлар қўлланма сифатида фойдаланиши мумкин.
«Вконтакте»да тиббиёт университетидаги карантин борасида мунозара пайдо бўлиб карантинда бўлган талабалардан бири шароитлардан нолиди: «Карантинни қамоқдаги очликка айлантиришди. Бу ерда забардаст талабалар бор ва улар бундай яшашга муносиб эмасдилар». Бу постга ўша 700 кишига егулик етказиб бериб турган волонтёрлардан бири ҳайрат билан жавоб берди: «Сиз жиддий гапиряпсизми? Мен сизларга овқат етказиб бераётган кўнгиллилардан бириман. Сизларга нонушта ва тушлик орасида пицца етказиб бераётганлардан. Биз сизга егулик ташиб ўзимиз нонушта ва кечки овқатни зўрға ярим кечаси тановул қиляпмиз. Постингиздан лол қолдим».
17 март куни карантин тугади. Талабалар бошқа ерга кўчирилди. Уйи, таниши борлар жойини топиб кетди. Қолганларга университет бошқа ётоқхонадан жой қилиб беришга ваъда берган. Айни дамда Петербургда вирус билан касалланган 9 бемор бор ва уларнинг 2 нафари тузалган.
Урал давлат иқтисодиёт университетида ҳам 30 мартгача барча талабалар ётоқхонадан чиқарилиб масофавий таълимга ўтилиши эълон қилинган. Бу олийгоҳда талабаларни мажбурлаб чиқариш бўлмайди. Хорижликлар ётоқхонада қолишлари мумкин, лекин уларга нисбатан ҳеч қандай алоҳида карантин чоралари кўрилмайди.
Россиядаги аксарият олийгоҳлар ўқишни тўхтатмасликни ва масофавий таълимга ўтишни маъқул кўрган. Масалан, Губкин номидаги машҳур Россия нефть ва газ университети ҳам ётоқхонада истиқомат қиладиган талабаларга доимий яшаш жойидан туриб масофавий таълимга ўтишни тавсия қилган. Бу олийгоҳда ўқийдиган хитойлик талабаларга эса Хитой янги йили (бу йил 24 январга тўғри келди) муносабати билан таътил берилган ва шундан буён уларнинг ҳеч бири қайтиб келмаган.
Маълумот учун, Россия олийгоҳларида 33 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар таълим олади.
Мавзуга оид
10:05 / 07.06.2026
Украина яна Петербургга ҳужум қилди
08:52 / 02.04.2026
Ўзбекистонлик аёл ва унинг уч фарзанди Россиядан олиб келинди
08:25 / 27.02.2026
Хайрулла Ибодуллаевга «Жасорат» медали тантанали топширилди
13:41 / 25.02.2026