21:00 / 23.03.2020
5104

Жаҳон туризм саноати коронавирус сабабли 1 трлн доллар зарар кўриши мумкин

Туризм бизнеси 2020 йилнинг охирги кварталида вазият яхшиланишига умид қилиши мумкин.

Фото : KUN.UZ

Жаҳон туризм саноати 2020 йилда коронавирус сабабли 1 трлн доллар зарар кўриши мумкин, ҳозирда зарар миқдори 600 млн долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Жаҳон иқтисодий форуми президенти Булут Бағчи Anadolou агентлигига берган интервьюсида айтди.

"Вируснинг тарқалиш тезлиги ва унинг туризмга таъсири ҳисобга олинса, бу соҳада 50 млн киши ишини йўқотиши мумкин", - деди у.

Бағчининг сўзларига кўра, туризм соҳаси йилига 1,7 трлн доллар атрофида маблағ ишлайди, ҳозирда соҳада пасайиш 70 фоизни ташкил этмоқда ва у давом этмоқда.

"Иқтисодиётнинг олтмишта соҳаси туризм билан бевосита ёки билвосита боғлиқ. Агарда бу соҳалардаги йўқотишларни ҳам ҳисобласак, зарар беш триллион долларга етиши мумкин. Бундан ташқари, ҳаттоки пандемия тугаса ҳам тикланиш тез ва осон бўлмайди", - деди эксперт.

Унинг фикрича, туризм бизнеси 2020 йилнинг охирги кварталида вазият яхшиланишига умид қилиши мумкин.

Коронавирус тарқалиши сабабли дунёнинг кўпгина мамлакатлари ўз чегараларини ёпди ва авиақатновларни тўхтатди. Натижада халқаро туризм тўхтади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top