Ўзбекистон | 01:00 / 24.03.2020
11947
2 дақиқада ўқилади

«Импорт билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ» – Вазирлик

Фото: Fotolia

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Азизбек Адахамов Халқаро пресс клуб сессиясида сўзга чиқиб, Ўзбекистондаги карантин чораларининг импортга таъсири ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Ҳозирги кунда импорт билан ҳеч қандай муаммолар бўлаётгани йўқ. Жорий йилнинг 20 март куни ҳолатига ташқи савдо айланмаси 5,1 млрд бўлган бўлса, ундан 3,9 млрд импортга тўғри келяпти.

Давлат раҳбари томонидан республика махсус комиссияси тузилган. Аҳолига зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари мониторинги амалга ошириляпти.

Импортнинг асосий қисми ҳозирги пайтда транспорт ва асбоб-ускуналар – 1,6 млрд доллар, саноат товарлари, кимёвий воситаларга тўғри келяпти. Фақатгина 300 миллион долларга яқин импорт – озиқ-овқат маҳсулотлари, тирик ҳайвонларга тўғри келяпти.

Маҳсулотлар хом-ашёси 250 миллион долларни ташкил этмоқда», – деди Азизбек Адахамов.

У аҳоли истеъмоли учун муҳим маҳсулотлар импортига оид статистикани келтирди.

«Йил бошидан бери 7,3 миллион долларлик қорамол гўшти импорт қилинган. Асосан Беларусь, Украина, Ҳиндистон давлатларидан импорт амалга ошириляпти. Қорамол гўшти импорти билан ҳеч қандай муаммо йўқ», – деди у.

«Ун маҳсулотлари импорти 20 март ҳолатига 76 минг тоннани ташкил қилди. Бу – тахминан 18,6 миллион долларни ташкил қилади.

Қозоғистон, Россия давлатларидан ун кириб келишидан ташқари, буғдой импорти ҳам кўпроқ амалга ошириляпти. Буғдой импорти ун импортига нисбатан салкам тўрт бараварга кўпроқ амал ошириляпти», – деди Азизбек Адахамов.

Мавзуга оид