Жамият | 10:41 / 24.03.2020
16094
2 дақиқада ўқилади

Паркентда талончилик содир бўлди, 3 нафар шахс ушланди

Жиноят иши юзасидан уч нафар шахс айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди

2020 йилнинг 16 март куни соат 10:30да 29 ёшли Қ.Н., 24 ёшли Х.Э. ва 22 ёшли А.Т. ўзаро жиноий тил бириктириб, Тошкент вилояти Паркент тумани, Заркент қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “Заркент-Паркент” автомобиль йўлининг чекка қисмида 38 ёшли У.Ш.га ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, бу шахслар фуқарога тегишли бўлган баҳоси 2 000 000 сўмлик LG русумли уяли алоқа воситасини, 2 000 АҚШ доллари ҳамда 500 000 сўм нақд пулларини талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида Х.Э.дан ашёвий далил тариқасида LG русумли уяли алоқа воситаси олинган.

Жиноят иши юзасидан А.Т., Қ.Н. ва Х.Э. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид