18:42 / 25.03.2020
16412

645та ҳолатда маҳсулот нархи асоссиз кўтарилиши аниқланган — Эркин Йўлдошев

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев АОКА штабида ташкил этилган брифингда товарларни қиммат нархда сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бунда асосий эътибор тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишга қаратилаётгани айтилди.

«Ишлаб чиқарувчи ёки улгуржи савдода нарх сунъий оширилса, табиийки чакана савдода ҳам нарх кўтарилади. Шу боис музлаткичли омборхоналар ва улгуржи тарқатиш базаларида товарларни қиммат нархда сотиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Нархлар ошиб кетишига йўл қўймаслик учун асосий эътибор тадбиркорлар муамммоларини ҳал қилишга қаратилмоқда. Биргина мисол. «Bonanza Trade Export» МЧЖга четдан Ўзбекистонга картошка олиб келиш учун 1 млн доллар миқдорида кредит ажратилишига кўмаклашилди.

Эркин Йўлдошев

Темир йўлларда картошкани ташишда имтиёзли нарх белгиланиши ҳамда Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан хулосалар олинишига амалий ёрдам кўрсатилди», дея Бош прокурор ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, қисқа муддат ичида шунга ўхшаш 1400дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига муаммоларни ҳал қилиш учун прокуратура органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилган.

Бош прокурор ўринбосари иқтисодиёт тармоқлари узлуксиз ишлашини қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн сўм маблағ йўналтирилганини эслатиб ўтган.

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ун, ўсимлик ёғи, шакар ва қолипли нон нархи асоссиз оширилишининг олдини олиш мақсадида биржа савдолари устида алоҳида назорат ўрнатилган.

«Афсуски, назорат тадбирларида айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз равишда ошириб сотиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.

Ҳозирга қадар ўтказилган тадбирларда 645та ҳолатда жами 1 млрд 735 млн сўмлик маҳсулотлар қиммат нархга сотилаётгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар аҳолига арзон нархда етказилиши таъминланди. Бунга йўл қўйган 502 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди», дея қўшимча қилди Эркин Йўлдошев.

Эркин Йўлдошевнинг сўзларига кўра, республика бўйича бозорлар қошида 27 турдаги товарларни сотиш бўйича арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди. Биргина Тошкент шаҳрида бундай ярмаркаларда жами 27 тонна гўшт, 31 тонна картошка, 46 тонна пиёз, 54 тонна сабзавот,15,5 тонна полиз, 20 тонна ҳўл мева ва 2,5 тонна гуруч маҳсулотларининг сотилиши таъминланган.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев 25 март ҳолатига деҳқон бозорларидаги нархлар ҳақида ҳам маълумот берди.

«25 март ҳолатига деҳқон бозорларида 1 кг мол ва қўй гўшти ўртача 40 минг сўмдан 45 минг сўмгача, товуқ гўшти ўртача 17 минг, картошка 2800 сўмдан 4000 сўмгача, пиёз 1100 сўмдан 1800 сўмгача, сабзи 1000 сўмдан 1400 сўмгача, помидор ўртача 12500, бодринг 9000, ўсимлик ёғи 10200, пахта ёғи 9500 сўм, тухум эса 500 сўмдан 700 сўмгача, ун 2 800 сўмдан 3100 сўмгача, гуруч 7000 сўмдан 8 500 сўмгача, шакар 5500 ва биринчи навли қолипли нон 1500 сўмдан сотилмоқда», деди у.

Эркин Йўлдошев нархлар барқарорлигини таъминлаш учун назорат тадбирлари ўтказилиб, унда айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат, дори-дармон маҳсулотлари ва тиббий буюмлар нархини асоссиз равишда ошириб, сотиш ҳолатлари ҳам аниқлангани, ана шундай ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилганини айтиб ўтди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top