Жамият | 18:31 / 27.03.2020
21269
2 дақиқада ўқилади

Мадина Мухторова ва унинг ўғлига оид жиноят иши ярашув билан тугатилди

Мадина Мухторованинг кенжа ўғли М.Алимжановнинг акаси С.Мухторов томонидан калтакланишига оид ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. Ушбу иш судда томонларнинг ярашуви билан якунланди. Бу ҳақида Kun.uz’га Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

«2020 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан гумон қилинувчилар М.Мухтарова ва С. Мухтаровга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда гумонланувчи М.Мухтарова ва С.Мухтаров ярашув тўғрисида ариза тақдим қилиб, қилмишидан пушаймонлиги, содир этган қилмишининг оқибатларини англаганлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ҳозирда жабрланувчи билан ярашиб олганлиги ҳақида кўрсатма бериб, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Жабрланувчининг қонуний вакили Д.Юлдашева жабрланувчи М.Алимжонов билан судда ярашув тўғрисидаги ариза тақдим қилиб, гумонланувчи М.Мухтарова ва С.Мухтаровга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганини, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Фуқаровий даъвогар М. Г.Алимджанов судда ярашув тўғрисидаги ариза тақдим қилиб, гумонланувчи онаси ва акасига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, ярашув суд томонидан тасдиқланганидан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганини, жиноят ишини тугатишни сўраган.

Жиноят кодексининг 66-1-моддасига мувофиқ, Жиноят кодексининг 109-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлган бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Суд, иш ҳужжатлари ва тўпланган далиллар билан тўла танишиб чиқиб, М.Мухтарова ва С.Мухтаровга нисбатан жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни лозим топган. Шунга кўра, жиноят ишини томонларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатиш ҳақида ажрим чиқарган», дейилади Олий суди матбуот хизмати маълумотида.

Мавзуга оид