Ўзбекистон | 10:43 / 28.03.2020
21353
3 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятига кириш ва чиқиш тўхтатилди

Туман (шаҳар) ҳудудларини боғловчи асосий йўллардан ташқари, ички айланма кўча ва йўлларда ҳаракат тақиқланди

Фото: KUN.UZ

Хоразм вилояти ҳокимининг 2020 йил 27 март куни 85Ф-сон фармойишга асосан 2020 йил 27 март куни соат 15:00дан бошлаб, вилоятнинг барча туманлар ва шаҳарларига, шунингдек республиканинг барча ҳудудларига транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) кириш ва чиқиш ҳаракатлари тўхтатилди.

Қайд этилишича, бу вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясини вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш мақсадида амалга оширилди.

Вилоятнинг туман (шаҳар)ларига кириш ва чиқишдаги чекловлар ташиш билан боғлиқ ҳолатларга, шунингдек, туман (шаҳар)да доимий яшовчи  (рўйхатдан ўтган) шахсларга туман (шаҳар)га кириш учун, шунингдек, туман(шаҳар)даги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан туманларга бириктирилган масъул ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Туман (шаҳар) ҳудудларини боғловчи асосий йўллардан ташқари, ички айланма кўча ва йўлларда ҳаракат тақиқланди.

Шаҳар (туман)га кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк ташиш машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналар мажбурий дезинфекция қилинади.

Шу билан бир қаторда, Урганч шаҳри ҳудудида барча қатновлар (йўловчи ташувчи, онлайн хизмат кўрсатувчи автомашиналар, автобус ва микроавтобуслар) ҳаракати тўхтатилди. Корхоналарнинг озиқ-овқатларни хонадонларга етказиб бериш автомашиналари ҳаракатланиши мумкин.

Ҳар бир туман (шаҳар)лар ҳудудларига кириш-чиқишни назоратга олиш ва автомашиналарни дезинфекция қилиш чораларни кўриш мақсадида вақтинчалик маскан (пост)лар фаолияти йўлга қўйилди.

“Азиз хоразмликлар, Сизларни яна бир бора карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда зарурат бўлмаса уйда қолишга чақирамиз! Барча саъй-ҳаракатларимиз – аҳоли саломатлиги ва осойишталиги учун! Уйда қолинг!” - дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Мавзуга оид