«Чин мўъжизаси» туркумидан. Хитойни ривожлантирган сифатли йўллар
Биласизми, Хитойда машиналар соатига 750 километр тезликда ҳаракатлана оладиган йўл қурилмоқда. Ишониш қийин-а? Аммо бу ҳақиқат.
Хитой ярим аср аввал айнан қаттиқ қопламали йўллар масаласида дунёдаги энг қолоқ давлатлардан бири эди. Ўша пайтларда Хитой ҳукумати йўл қурилишидан ҳам зарур қурилишлар борлигини баҳона қилиб, йўлларга етарли даражада эътибор бермаган, оқибатда мамлакатдаги йўлларнинг бор йўғи 25 фоизи асфальт қопламали бўлиб, уларнинг 60 фоизи ўта ёмон аҳволда эди.
Вазият Мао Цзедун вафотидан кейин ўзгарди. «Буюк йўлбошчи» ўрнига келган янги раҳбарлар сифатли йўллар қурмасдан мамлакатни ривожлантириб бўлмаслигини англаб етишади. Чин ўлкасида «Ривожланишни хоҳласак, аввало сифатли йўллар қуришимиз керак», деган шиор илгари сурилиб, йўл қуриш стандарти ишлаб чиқилади. Йўл қурилиши учун молиявий манбалар белгиланади:
- давлат ва маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағлар;
- йўл таъмири учун йиғиладиган маблағлар;
- автомобил олди-сотдисида белгиланган солиқлар;
- ёқилғиларга солинган акциз солиқларидан тушадиган пул.
1985 йил йўл қурилиши учун алоҳида қонун ҳам қабул қилинади. Унга кўра, йўл қурилиши учун олинган хорижий кредитларни қоплаш мақсадида юқори тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган йўлларнинг бир қисми пулли бўлиши белгиланади.
Ҳукумат 1988-2020 йилларда автомобилларга катта тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган йўллар, автомагистраллар қурилиши режасини тасдиқлайди. Бундай йўлларнинг биринчиси 1988 йилда очилган 18,5 километрли Шанхай-Дзяцин трассаси эди. Шу тариқа, автомобиль йўллари қурилишида «Хитой мўъжизаси» бошланади. Ўтган асрнинг охирги декадасида Хитой йўл қурилиши учун шунчалик кўп маблағ сарфлайдики, бу бутун бошли Европа ва АҚШ ХХ асрнинг сўнгги 50 йилида йўл учун сарфлаган пулидан ҳам кўпроқ эди.
Бир пайтлар Хитойда йўлларни кам ҳақ тўланадиган миллионлаб ишчилар оддий белкурак, замбилғалтак ва қўлда бошқариладиган асфальт босадиган мосламалар билан қурган бўлса, янги даврда йўлсозлар қўлбола асбоблар ўрнига мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган замонавий техникаларга эга бўлади.
Тез ҳаракатланишга мослашган илк йўл 1988 йил қурилган бўлса, XXI аср бошида бундай йўлларнинг умумий узунлиги 10 минг километрдан ошиб кетади. Бу кўрсаткич 2002 йилда 20 минг километр, 2008 йилда 60 минг километрдан ошди. Биргина 2008 йилнинг ўзида Хитой йўлсозлари 8 минг километр узунликдаги катта тезликда ҳаракатланиш имконини берадиган магистрал йўл қуришади.
2013 йил сўнгига келиб Хитойда сифатли автомобиль йўлларининг умумий узунлиги 4 миллион километрдан ошади. Шундан 100,4 минг километри тез ҳаракатланса бўладиган йўллар эди. 2011-2015 йилларда транспорт соҳасини ривожлантириш дастурига кўра, Хитойдаги тез ҳаракатланиш мумкин бўлган йўллар туташтирилади ва бундай йўллар мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Шу тариқа, мамлакатда «тезкор трасса» ўтмайдиган бирорта провинция қолмайди. Бундай йўллар аҳолиси 200 мингдан ошадиган барча шаҳарларни ўзаро боғлайди.
2018 йилга келиб Хитойда тез ҳаракатланиш имконини берадиган автомагистраллар узунлиги 142 000 километрдан ошди. Таққослаш учун, АҚШда бундай йўлларнинг умумий узунлиги 80 минг километр атрофида. Хитойдаги бундай магистралларнинг 18таси шарқ-ғарб йўналишида, 9таси шимол-жануб йўналишида, 7таси эса радиал йўналишда қурилган.
Умумий узунлиги 85 минг километрдан ошадиган 7та «тезкор магистрал» Пекинни бошқа ҳудудлар ва шаҳарлар билан боғлайди. Хитойда бундай йўллар G ҳарфидан бошланадиган учталик рақамлар билан белгиланган. Бунда G ҳарфи хитойча 国家 (guójiā) «миллий» сўзини англатади. Йўлларни рақамлаш G 000’дан бошланади.
Пекиндан бошланадиган йўллар G 100’дан бошлаб рақамланган. G 200 рақамидан бошланган йўллар шимол-жануб йўналишида, G 300’дан бошланганлар эса шарқ-ғарб йўналишидаги йўлларни англатади. Провинциялар аҳамиятидаги йўлларни рақамлаш S ҳарфи билан бошланган.
Бугун Хитойда автомобиль йўллари ўтган 300 мингта кўприк бор. Уларнинг мингдан ошиғи 1 километрдан узун. Умумий фойдаланувдаги автомобил йўллари бўйича Хитой АҚШ ва Ҳиндистондан кейинги учинчи ўринда туради. Ҳиндистон йўлларининг сифати ҳаминқадар экани инобатга олинса, Хитойни сифатли автойўллар бўйича АҚШдан кейин иккинчи давлат деса ҳам бўлади. Бу кетишда Хитой яқин йилларда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг узунлиги бўйича Ҳиндистонни ҳам қувиб ўтади.
Тез ҳаракатланса бўладиган йўллар бўйича эса Хитой дунёда мутлақ етакчи. Бундай тезкор йўлларнинг асосий қисми сўнгги йигирма йилда қурилди. Бу борада хитойликлар «янги Америка кашф этишмади», шунчаки ҳукумат иқтисодиётнинг ўсиши ҳисобига йўлларда юк ташиш ҳажми ошгани, автомобил саноати ривожланиб, йўлларда автомобил кўпайганини инобатга олиб йўллар қуриш, мавжудларини таъмирлашда аниқ режалар билан ишлаш кераклигини тушунган ҳолда бу ишларга жуда катта маблағ ажратмоқда.
Аслида пул ажратмоқда деб ҳам бўлмайди, шунчаки ёқилғилар устига «миндирилган» ва машина олди-сотдисидан тушадиган йўл солиқлари ўз манзилига етиб бормоқда.
Келинг, қуруқ гапларга ўралашмай, рақамларга қарасак. 2005-2010 йилларда Хитой тезкор йўллар қуриш учун ҳар йили ўртача 17-18 миллиард доллар ишлатган. Бугун асосий йўлллар қуриб бўлинган даврда ҳам Хитой янги йўллар қуриш учун йилига ўртача 12 миллиард доллар ишлатмоқда. Лекин Хитой йўлларнинг километри учун ўртача энг кўп пул ишлатадиган давлат эмас. Масалан, Хитой 1 километр автострада (кўприк эмас, лекин ердан кўтарилган йўл) қуриш учун ўртача 2,9 миллион доллар сарфлаётган бир вақтда Бризилия бунинг учун 3,6 миллион, Россия эса 13 миллион доллар харажат қилмоқда.
Хитойда йўлларнинг ости шағал билан тўлдирилгач, устига темирдан ясалган панжара ётқизилади ва унинг устидан бетон қуйилади. Охирги босқичда эса қалин асфальт ётқизилади. Хитойлик йўлсозлар бундай йўлларга 25 йил кафолат беришади. Агар йўлга кафолат муддати тугагунча чуқурлар пайдо бўлса (бу табиий ҳолат), уни қурган компаниянинг ўзи таъмирлаб бораверади.
Йўллар давлат буюртмаси асосида қурилар экан, ҳукумат қурилишни назорат қилади. Коррупцияга йўл қўйган мутасаддилар аёвсиз жазоланади. Давлат буюртма қилган йўлни қурувчи компания ўз ҳисобидан, етмаса банклардан кредит олиб қуради. Йўл тайёр бўлгач давлат комиссияси уни синчковлик билан текшириб қабул қилади ва кейин пул тўланади.
Йўл қурилишидаги бундай тизим сифатни таъминламоқда, чунки қурувчи сифатга эътибор бермаса, қурган йўли комиссия томонидан қабул қилинмаслигини ва ишни қайтадан қилиб бериб икки ҳисса харажатга тушишини билади. Бундан ташқари, давлатдан бажарилган ишнинг пулини олиш кечикиб кетади. Шунинг учун йўл қурадиган қурилиш компаниялари сифатга катта эътибор беради.
Хитойдаги аксарият йўллар бепул. Бундан ташқари, давлат қарамоғидаги ва хусусий компанияларга тегишли пуллик йўллар ҳам мавжуд. Ҳар уч турдаги йўллар сифат масаласида бир-биридан қолишмайди. Натижада, Хитойда ҳайдовчида танлаш имконияти катта. Қонун бўйича давлатга тегишли йўллар фойдаланишга топширилганидан 15 йил ўтиб бепул бўлади. Хусусий компаниялар қурган пуллик йўллар эса 25 йилдан сўнг бепул бўлиши белгилаб қўйилган.
Пулли йўллар мавсумга қараб ҳар километри бизнинг пулда 150 сўмдан 400 сўмгача нархланади. Юк автомобиллари учун эса ҳар километри 400-800 сўмгача этиб белгиланган. Хитойда йўл ҳақи анча баланд ва у қарийб Европадаги нарх билан тенг. Аммо Хитойда Европа ва Япониядан фарқли ўлароқ пулли йўллар ёнида унга муқобил бепул йўллар ҳам бор. Масалан, Шанхайга иккита сифати бир хил йўл олиб боради. Уларнинг бири текин, иккинчиси пуллик. Таққослаш учун, Япониядаги Токиога олиб борадиган йўлларнинг барчаси пуллик.
Хитойлик ҳайдовчиларга япониялик ёки европалик ҳайдовчилардан фарқли равишда шу томонлама қулай, хоҳлаган йўлидан юриш имконияти бор. 2000 йилда Хитойда автобанлар 10 карра кўпайди. 2010 йилга келиб жами автобанлар бўйича Хитой АҚШни қувиб ўтди. Бугунги кунда Хитой автобанлар бўйича бутун Европа ва АҚШни қўшиб ҳисоблаганда ҳам уларни ортда қолдиради. 2020 йилда Хитой автомагистраллар узунлиги бўйича Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Жанубий Кореяни қўшиб ҳисоблаганда ҳам улардан ўтиб кетди.
Бугун хитойлик йўлсозлар нафақат Хитойда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида сифатли автойўллар қурмоқда. Улар қураётган йўллар сифатли, шу билан бирга бошқаларникидан арзонроқ. Хитой дунёнинг энг қудратли иқтисодиётига аввало тинимсиз меҳнат, ишнинг кўзини билиш ва нисбатан арзон ишчи кучи ёрдамида эга бўлди. Чин ўлкасининг ривожланишида сифатли йўлларнинг ҳам ўрни беқиёс.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади
Мавзуга оид
16:48
Хитойлик ҳакерлар АҚШдаги 150 нафар сиёсатчи ортидан жосуслик қилган бўлиши мумкин
02:02
Канада Мудофаа вазирлиги Хитойни Арктикада разведка маълумотларини тўплашда айблади
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
21:00 / 21.11.2024