Жаҳон | 21:43 / 30.03.2020
8647
2 дақиқада ўқилади

Россия нефти 21 йилдаги энг паст қийматгача арзонлашиб кетди

Россиянинг Urals нефти нархи бир баррели учун 16,2 долларгача тушиб кетди. Таъкидланишича, ушбу турдаги нефть учун бундай паст нарх 1999 йилдагина таклиф қилинган.  

Фото: Spencer Platt / Getty Images

Ўтган ҳафта ичида Urals нефти 5,51 долларга арзонлашган. Бунга нефть Россия портларидан апрелда мартга нисбатан 13 фоиз кўпроқ жўнатилиши ҳақидаги ахборот сабаб бўлган. Нефть жўнатилиши Россияда нефтни қайта ишловчи заводларни таъмирлаш мавсуми бошланиши ҳамда нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш тўғрисидаги ОПЕК+ келишувининг амал қилиш муддати якунлангани сабабли ўсиши кутилмоқда.

“Бозордаги иштирокчилар нефтни қайта ишлаш қисқаргани сабабли нефть нархи узоқ вақт паст қийматда сақланиб қолиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Дунёда коронавирус пандемияси сабабли иқтисодий фаоллик анча камайгани оқибатида кўплаб нефть маҳсулотларига талаб кескин пасайган”, деб маълум қилинган хабарда.

Нефть бозори ҳозирда “талабнинг фалокатли йўқотилишини” бошдан кечирмоқда. Қуруқликдаги нефть омборлари тўлиб-тошгани сабаб трейдерлар уни денгиздаги супертанкерларда жойлашга мажбур бўлмоқдалар; нефтни қайта ишловчи заводлар уларнинг маҳсулотларига талаб йўқлиги сабабли ўз ишини тўхтатмоқда. Дунёнинг кўплаб минтақаларида нефть 10 доллардан арзонроққа сотилмоқда. Баъзи ҳудудларда эса нефть нархи умуман 0 қийматдан пастга тушиб кетиб, етказиб берувчилар унинг олиб чиқиб кетилиши учун истеъмолчиларга ўз ёнларидан ҳақ тўламоқдалар. Жорий апрелда нефтга талаб 2019 йил апрелига нисбатан  20 фоиз камроқ бўлиши прогноз қилинмоқда. 

Россия банки томонидан Urals нефти учун энг паст кўрсаткич 25 доллар қилиб белгиланган. Бундан паст нархларда банк рублни қўллаб-қувватлаш учун ўз захираларидан валютани сотишни бошлайди. 

Мавзуга оид