Ўзбекистон | 21:16 / 31.03.2020
10929
1 дақиқада ўқилади

Қозоғистондан Ўзбекистонга олиб келинган 564 киши карантинга жойлаштирилган

Ўзбекистоннинг давлат чегаралари ёпилиши муносабати билан 23 мартдан бошлаб Қозоғистоннинг Туркистон вилояти «Жибек-Жоли» автомобил ўтказиш пунктида ватанга қайтишни истаган Ўзбекистон фуқаролари тўпланиши кузатилди.

Шу куни ушбу назорат-ўтказиш пунктида тўпланган фуқаролар сони 700 кишидан ошиб кетди. 

Соат 21:30гача 564 нафар юртдошимиз санитария меъёрларига риоя қилинган ҳолда махсус транспорт воситаларида Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтилди ва карантинга жойлаштирилди.

Фуқаролардаги зўриқишни бартараф этиш ва Ўзбекистон ҳукумати кўраётган чора-тадбирларнинг моҳиятини тушунтириш мақсадида шу куни Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ташаббуси билан Қозоғистон Республикасидаги «Дўстлик» ўзбеклар этник-маданий уюшмалари ассоциацияси раиси Икром Ҳошимжонов улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борди.

Шу билан биргаликда И.Ҳошимжонов бошчилигида қозоғистонлик бир гуруҳ ўзбеклар хайрия акциясига қўл уриб, чегарада тўпланиб қолган Ўзбекистон фуқароларига палов тайёрлаб тарқатишди.

Қозоғистонлик миллатдошларимиз томонидан кўрсатилган ёрдам, «Дўстлик» ассоциацияси фаолларининг хайрли ташаббуслари ўзбек-қозоқ халқлари ўртасидаги дўстликнинг ҳақиқий тасдиғи бўлди.

Мавзуга оид