Ўзбекистон | 15:15 / 01.04.2020
8511
7 дақиқада ўқилади

Кимлар волонтёрлар ёрдамига эҳтиёж сезмоқда?

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19)нинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймасликни таъминлаш мақсадида айни пайтда инсонпарварлик ва хайрия жамғармалари моддий ва маънавий кўмак беришни давом эттирмоқда.

Мазкур инфекция мамлакатимизга кириб келгандан сўнг ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қисми, айниқса камбағал оилаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурияти сезилмоқда. Бу борада фуқароларимиз ташаббусларини бирлаштириш, уларни эзгу ва савобли фаолиятини рағбатлантириб бориш ва тизимлаштириш зарур. 

Хўш, бугунги синовли кунларда юртимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатлари етарлими?

Албатта, ҳозирги мураккаб вазиятда ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларга манзилли ёрдам бериш ҳар қачонгидан муҳим кўринмоқда. Айниқса, энг юқори хавф остидаги ёши катталар ҳамда сурункали касалликка чалинганларга озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ниқоблар ва бошқа гигиентик воситаларни етказиб туриш зарур ҳисобланади. Шу билан бирга, босма нашрларга обуна бўлиш, интернетдан фойдаланишга имконияти ва кўникмаси бўлмаган, бир сўз билан айтганда, ўзгаларнинг далдаси, кўмаги, тавсияларига муҳтож бўлган оилалар кўплиги ҳеч кимга сир эмас.

Шу сабабли оғир синовли кунларда бутун дунёда бўлгани каби волонтёрлар, яъни кўнгиллилар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ. Президентимиз, қолаверса, барча масъул ташкилотлар куну тун ҳаракат қилаётган бир вақтда, муҳтож оилаларга ёрдам қўлини чўзишга шай турган, четда томошабин бўлиб туришни ўзига эп кўрмаган шахслар фаолиятини рағбатлантириш лозим.

Ўзбекистон Республикасининг “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунида волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Кўнгиллилик фаолияти халқимизнинг онгига ва менталитетига чуқур сингиб кетган кўп асрлик қадриятларга эга. Хусусан, “ҳашар”, “жамоавий кўнгиллилик” кабилар волонтёрликнинг кенг тарқалган кўринишларидан бири ҳисобланади.

Хорижда волонтёрлар ҳаракати пандемияга қарши қандай кураш олиб бормоқда?

Бугунги кунда 80 дан зиёд мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Давлатлар томонидан катта ёрдам кўрсатилаётгани боис кўнгиллилар сектори жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий бўлагига айланиб бормоқда.

Волонтёрлар бутун дунёда давом этаётган бугунги инқироз даврида қийин вазиятда қолган инсонларга ёрдам бериб келмоқда. Эпидемиологик вазият беқарор бўлган Италияда кўплаб ёш волонтёрлар ҳаракатлари вужудга келди. Улар томонидан call-марказлар ташкил этилган бўлиб, муҳтож инсонларга озиқ-овқат ва фармацевтика маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Италияда мазкур ташаббуслар маҳаллий давлат ҳокимият органлари томонидан, энг аввало маъмурий томондан қўллаб-қувватланмоқда.  Карантин даврида волонтёрларга ташқарида бўлиш ва автотранспортдан фойдаланишга рухсат берилган. Айрим волонтёрлик ҳаракатлари интернет сайтларини яратиб, ёрдамга муҳтожларни аниқламоқда.

Буюк Британияда ҳам волонтёрлар ёрдам кутаётган инсонлар уйларига зарур маҳсулотларни олиб бориш билан чекланмасдан уларни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Волонтёр-психологлар фаолияти асосан энг юқори хавф остида кўчага чиқолмаётган ёлғиз пенсионерларга йўналтирилмоқда. Уларнинг кўпчилиги вакцина пайдо бўлгунига қадар яқинлар билан кўришиш мумкин эмаслигидан азият чекмоқда. Оксфорд университети психотерапевтлари ёши катта инсонларга ваҳимага қарши кураш бўйича кўмак беришмоқда. Волонтёрлар Skype, FaceTime ва телефон орқали 10 дақиқалик бепул сеансларни амалга оширмоқда. “Қариялар коронавирус инфекциясини юқтириб олсам, ўлиб қолишим тайин, деб ўйлашмоқда. Лекин бундай эмас. Биз уларни психологик ва амалий қўллаб-қувватлаб туришни хоҳлаймиз” – дейди Буюк Британия психотерапевтлари гуруҳи асосчиси Рут Челонер. 

Хитойда коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича волонтёрлар фаолиятини намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Мамлакат бўйлаб мазкур касаллик билан боғлиқ стрессни ҳис қилаётган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича оз эмас, кўп эмас 360 та колл-марказ ташкил этилган. Шунингдек, хитойлик волонтёрлар ёрдамга муҳтож шахсларнинг эшиги олдига озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини ташлаб кетиш билан бир қаторда, Уҳан шаҳри ташқи олам билан узилиб қолганидан сўнг хонадон эгалари ўрнига уй ҳайвонларини озиқлантириш билан ҳам шуғулланишди.

 

Юртимизда кўнгиллилар пандемияга қарши курашда фаол иштирок этиши лозим

Юртимизда ҳам кўнгиллилар фаолияти қатор ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаоллашиб бормоқда. “Facebook”, “Телеграм” каби ижтимоий тармоқларда гуруҳ аъзолари хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашмоқда ва беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиб келмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг пандемияга қарши курашда фаоллиги талаб этилади. Бундан ташқари, айрим социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланади. 

Шунингдек, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши ва ушбу касалликка чалинганларни даволаш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида қатор саховатпеша фуқаролар, тадбиркорлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари «Меҳр-шафқат ва саломатлик» фонди ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиб беришмоқда.

Барчага маълумки, 30 март куни соат 6:00 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар Тошкент шаҳрида автотранспорт воситаларини ҳаракати махсус рухсатномалар билан амалга оширилиши боис саховатпеша инсонлар томонидан кўрсатилаётган ёрдамлар масаласида қийинчиликлар вужудга келиши мумкин.

Шу сабабли кўнгиллиларнинг хайрли ишлари ўз вақтида манзилли амалга ошишига кўмаклашиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигида мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилди. Марказ қуйидаги тартибда иш фаолиятини амалга оширади:

- давлат ва жамоат ташкилотлари, депутатлар, тадбиркорлар, ёрдам кўрсатишни истаган фаол фуқаролар марказга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат этади;

- марказдан мурожаат бўйича маълумот туман ҳокими ўринбосарларига етказилади;

- туман ҳокими ўринбосарлари ёрдам кўрсатиш истагини билдирганлар билан ҳамкорликда манзилли ёрдамни ташкил этади.

Бекзод Наримонов, ТДЮУ ўқитувчиси

Мавзуга оид