Жамият | 20:34 / 01.04.2020
19457
2 дақиқада ўқилади

Махсус рухсатнома билан вилоятлараро ҳаракатланиш мумкинми?

30 мартдан бошлаб, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлараро ва марказларида автомобиль ҳаракатига чеклов ўрнатилди. Махсус рухсатнома ва алоҳида ҳолатдагина вилоятлараро ҳаракатланишга рухсат берилади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, махсус рухсатнома билан автомобиль ҳайдовчиси вилоятлараро ҳаракатланиши мумкин. Шунингдек, тиббий маълумотномага эга бўлган, даволаниш мақсадида вилоятлараро ҳаракатланиши ўта зарур бўлган, аммо рухсатномага эга бўлмаган автомобиль эгаси ҳам ушбу ҳуқуққа эга бўлади.

«Шуни унутмаслик керакки, ҳар икки ҳолатда ҳам ҳудудларда ташкил этилган пост ходимлари машинани тўхтатиб, ҳаракатланиш мақсадини сўрашга ҳақи бор. Бундан ташқари, махсус рухсатномаси бўлмай, тиббий маълумотнома билан йўловчини бошқа ҳудудга олиб кетаётган машина эгаси карантин якунига қадар, аввалги манзилга қайта олмайди», - дейди у.

Таъкидланишича, махсус рухсатномага эга машиналар фақат хизмат вазифаси ва иш фаолияти юзасидан бошқа ҳудудга ўтиши мумкин. Бунда тиббий буюм ё товарлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ташиб келтириш ҳам назарда тутилган.

«Махсус рухсатномага эга машина ҳайдовчиси ўзидан ташқари фақат битта йўловчи билан ҳаракатланиши мумкин», деди Ғиёсов.

Мавзуга оид