Ўзбекистон | 19:33 / 01.04.2020
34683
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги алоҳида техник ходимлари карантинга олинди

Молия вазирлиги алоҳида техник ходимларининг коронавирус тест натижалари шубҳа туғдирди ва улар кейинги текширувлар учун клиник карантинга олинди.  

Фото: Mapio.net

Вазирлик устувор давлат дастурларини молиялаштириш ва бюджет тизими ходимларига иш ҳақларини ўз вақтида тўлаш, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш чораларини таъминлаш бўйича узлуксиз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ушбу муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, жамоа ишни онлайн шаклда ташкил қилиш ҳамда ходимларни ўз-ўзини изоляция қилиши юзасидан қарор қилди.

Kun.uz'га маълум бўлишича, вазирлик жамоаси шифокорлар назорати остида қуйидаги тартибда фаолият олиб боради:

1. Вазир ва вазир ўринбосарлари бошчилигидаги раҳбарият, асосий бўлимларнинг бошлиқлари ва алоҳида ходимлари аввалгидек, вазирлик биносида иш олиб боради.

2. Ғазначилик ҳам ҳисобварақлар бўйича барча хизматларни тақдим этган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Бунинг учун тегишли ходимлар жалб қилинади ва улар алоҳида бинода мустақил ишлайди.

3. Қолган ходимлар масофадан ишлашни давом эттиради.

Иш ҳақи ва нафақалар ажратилиши тўхтамайди, шунингдек вазирликка юклатилган барча вазифалар ва функциялар белгиланган тартибда бажарилади. Вилоят, туман, шаҳар молия ва ғазначилик бўлимлари ўз фаолиятини одатдагидек давом эттиради.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин тадбирлари даврида ходимлар, барча ташриф буюрувчилар ва уларнинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида масофавий ишлаш тартибини жорий қилинганди. Шунга мувофиқ, ходимларнинг 40 фоиздан ортиғи, шу жумладан мактабгача ва бошланғич синфлар ёшидаги фарзандли ходимлар меҳнат таътилига чиқарилди.

Мавзуга оид