19:58 / 01.04.2020
8704

Ўзбекистон юк машиналарини Грузия-Туркия чегараси орқали ўтказиш тикланди

Коронавирус тарқалишини камайтириш борасида кўрилаётган шошилинч чоралар сабабли Туркия ҳудудига хорижий юк ташувчиларнинг кириши чекланган эди.

Фото: Flickr

Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат бўйича маълумот берди.

Вазирлик ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра, Туркия ва Грузиянинг масъул вазирлик ва идоралари билан олиб борилган музокаралар натижасида, мазкур масала ижобий ҳал қилинди. Туркия томонидан олинган маълумотга кўра, ўзбекистонлик автоташувчилар Туркия ҳудудига Ўзбекистондан чиққан кунларидан бошлаб 14 кунлик муддат тугаганидан кейин киритилади.

Таъкидланишича, Туркия Божхона идораси ва Савдо вазирлиги 2020 йил 30 март кечасидан бошлаб Ўзбекистон юк ташувчи транспорт воситаларини киритиш тикланганлигини тасдиқлади. Бугунга қадар Грузия-Туркия чегарасини 50 дан ортиқ юк транспортлари кесиб ўтди.

«Ўзбекистоннинг Анқара ва Боку шаҳарларидаги элчихоналари вазиятни назоратга олган, давлатлараро чегарада 14 кунлик муддат тугашини кутаётган ўзбекистонлик ҳайдовчилар билан алоқада бўлиб турибди», - дейилади вазирлик хабарида.

Хорижий давлатлар ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда мамлакатимизнинг чет элдаги элчихоналари ва консуллик муассасалари ҳузурида ташкил этилган оператив штабларга мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top