Спорт | 16:48 / 06.04.2020
28177
2 дақиқада ўқилади

#Уйда_қол #Ҳаётга_қўшил – Ўзбекистонда совринли спорт челленжи эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси ҳамкорлигида «6 апрель – Тараққиёт ва тинчлик йўлида Халқаро спорт куни» муносабати билан юртдошларимиз орасида уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишни кенг тарғиб этиш мақсадида ўзига хос саломатлик акциясини эълон қилади.

#Уйда_қол #Ҳаётга_қўшил челленжида қатнашиш орқали сиз нафақат ўз саломатлигингизни мустаҳкамлайсиз, балки бу орқали қимматбаҳо совғаларни ютиб олиш имкониятига эга бўласиз.

Бунинг учун сиз:

1) карантинда уйда қолиб оила аъзоларингиз билан бирга бадантарбия ва спорт машқларини бажаринг ҳамда уни видеога олган ҳолда ўзингизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингиз (Facebook, Instagram)га жойланг;

2) Ушбу видеони Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари (fb.com/www.sport.uz, instagram.com/minsportuz)га улашинг.

Видеороликларни баҳолашда:

  • тақдим этилган видеороликда танлов иштирокчиси ёки унинг оила аъзолари уй шароитида спорт билан шуғулланиш жараёни акс этганлиги;
  • уйда спорт билан шуғулланиш жараёнига креатив ёндашуви;
  • видеороликнинг сифати;
  • иштирокчи(лар)нинг уйда қолиб спорт билан шуғулланишга даъват этган (чақириқ) бўлиши;
  • видеороликлар 3 дақиқадан ошмаслигига эътибор қаратилади.

Челленж жорий йилнинг 6-26 апрель кунлари оралиғида ўтказилади. Ҳар тўртинчи кунда челленжнинг уч кунлик ғолиблари аниқланиб, тақдирлаб борилади.

#Уйда_қол #Ҳаётга_қўшил челленжида фаол иштирок этинг ва совғаларни қўлга киритинг.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Мавзуга оид