Жамият | 13:41 / 07.04.2020
19628
2 дақиқада ўқилади

Фото: Андижонда карантин қоидасини бузганларнинг велосипедлари олиб қўйилмоқда

Андижон шаҳрида мақсадсиз мототранспорт ҳамда велосипедларда белгиланган чекловларни бузиб ҳаракатланаётган фуқароларни аниқлаш мақсадида вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда 10та ишчи гуруҳи ташкил этилган.

Фото: Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати

Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, 6 апрель куни ўтказилган рейд тадбирларида жами 407та ҳолат аниқланиб, бемақсад бошқариб юрилган велосипед ва скутер воситалари вақтинчалик жарима майдонига олиб кирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қўшимча чора-тадбирлар белгиланган эди. Комиссия қарорига кўра, 6 апрелдан эътиборан «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилган эди.

Шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06:00дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланиши белгиланган эди.

Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар — озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.

Мавзуга оид