Ўзбекистон | 17:04 / 08.04.2020
40006
3 дақиқада ўқилади

Россиядаги ўзбекистонликларнинг муаммолари ижобий ҳал қилинди — Илҳом Неъматов

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов айни вақтда Россия ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликлар карантин даврида рўйхатда туриш муддатини узайтириш масаласида муаммога дуч келмасликларини маълум қилди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов «Ўзбекистон 24» телеканалидаги чиқишида 30 мартгача хориждан олиб келинган ўзбекистонликлар ҳақида маълумот берди.

«Бугунги кунга қадар 15 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга олиб келинди. Хусусан, Хитойдан 3,5 минг нафар, Россиядан 3 минг 128 нафар, Қозоғистондан 7 минг 59 нафар, Туркиядан мингдан ортиқ, Дубайдан 500 одам олиб келинди. 30 март кунигача иложи борича кўпроқ одам олиб келинди», дейди Илҳом Неъматов.

У 30 мартга қадар Ўзбекистонга келишга улгурмаган фуқаролардан узр сўраб, улардан юзага келган вазиятни тўғри тушунишни сўради.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари коронавирус билан боғлиқ вазиятда хориждаги ўзбекистонликларга оид турли масалалар ҳал қилинганини айтиб ўтди.

«Россияда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба бор. Уларнинг ётоқхонадан чиқмай яшаш масаласи ҳал қилинди.

Фуқароларимизнинг кўпчилиги Россия ва Қозоғистонда иш фаолиятини олиб боради. Уларни рўйхатга олиш масаласида жаримага солмаслик ва рўйхатни узайтириш масалалари ҳам элчихоналаримиз томонидан ҳал қилинди. Давлат расмийлари билан гаплашиб, ижобий ҳал қилинди», дея Неъматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Илҳом Неъматов коронавирус  тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги доирасидаги тадбирларга таъсири ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.

«Раислик доирасида ўтказиладиган 69тадан иборат катта тадбирларни Минскда МДҲ штаб-квартирасига бориб, тақдимот қилдик ва улар билан келишиб олдик. Ҳозирги кунда ҳеч қандай зиён кўрмаяпмиз.

Президентимиз МДҲ давлатларининг Ашхободда бўлган саммитида 11тадан ортиқ катта ташаббуслар берганди. Ана шу ташаббуслар ичида 11 муҳим ҳужжат қабул қилиниши керак. Ҳозирги кунда онлайн режимида ишлаб, МДҲ ижро қўмитаси ва бошқа давлатлар билан гаплашиб, ҳужжатлар тайёрланяпти. 29 майда ҳукумат раҳбарларининг учрашуви бўлади. 16 октябрда МДҲ давлатлари раҳбарларининг учрашуви бўлади. Битимларни имзолашга тайёрлаймиз», дейди у.

Вазир ўринбосари март ойидаги тадбирлар видеоконференция тарзида ўтказилганини айтиб ўтди.

«Асосий тадбирлар март ойида бошланиши керак. Тадбирларни видеоконференция орқали ўтказдик. Масалан, иқтисодий кенгаш йиғилиши, экспертлар даражасидаги йиғилишларни видеоконференция тарзида ўтказдик. Ўйлайманки, раислигимиз доирасида кўзда тутилган барча тадбирлар юқори даражада ўтказилади. 16 октябрдаги саммитда барча тайёрланган ҳужжатлар имзоланади», деди Неъматов.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид