07:30 / 08.04.2020
27587

Солиқларни уйдан туриб тўлаш имконияти яратилди

Карантин даврида транспорт ҳаракатининг чеклангани, фуқаролардан уйдан чиқмаслик сўралаётгани боис солиқ тўловларини масофавий шаклда амалга ошириш имконияти яратилди.

Фото: KUN.UZ

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий-ахборот маркази солиқ тўловлари билан боғлиқ барча ҳаракатларни ўзида жамловчи «SOLIQ» мобил иловасини тақдим этди.

Иловада солиқ тўловчилар учун кўплаб электрон солиқ хизматлари жамланган. Хусусан, жисмоний шахслар мобил илова ёрдамида ер ва мол-мулк солиқлари суммаларини аниқлаши ва тўлаши мумкин.

Тўловлар банк пластик карточкаси орқали амалга оширилади. Тўловларни «Тўлов реестри» бўлимидан текшириш имкони мавжуд. Ҳар бир амалга оширилган тўлов бўйича фойдаланувчига хабар берилади.

Мобил иловада қуйидаги хизматлар мавжуд:

  • солиқ ҳисоботлари ҳолатини текшириш;
  • иш ҳақи тўғрисида маълумотларни олиш;
  • СТИРни аниқлаш;
  • шахсий ҳисобварақ маълумотлари – ҳисобланган, тўланган солиқлар, қарздорлик ёки вақтида тўланмаган қарздорлик учун устамалардан хабардор бўлиш;
  • солиқ объектлари, солиқ тўловчи, ҚҚС тўловчилари тўғрисида маълумот олиш;
  • солиқни ҳисоблаш калькуляторидан фойдаланиш;
  • солиқ органи раҳбари қабулига ёзилиш.

«SOLIQ» мобил иловасида барча турдаги фойдаланувчилар учун солиқ ва мажбурий тўловларнинг тўлов муддатлари, солиқ имтиёзлари тўғрисида хабар берувчи «Тақвим» бўлими мавжуд.

Шунингдек, солиқ тўловлари билан боғлиқ меъёрий ҳужжатлар, турли баҳсли ҳолатлар бўйича маълумотлар ҳам мобил иловада жойлаштирилган.

Жисмоний шахслар мобил илова орқали шахсий кабинетига Электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёки жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) орқали кира олади. ПИНФЛни паспортдан аниқлаш мумкин.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ҳақиқий даромадни яшириш, савдо-сотиқ қоидаларига риоя этмаслик, хусусан нархларнинг сунъий равишда оширилиши каби салбий ҳолатлар учраганда мобил илова орқали солиқ органларини хабардор қилиш имконияти бор.

«Soliq» мобил иловасини GooglePlay’дан кўчириб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябргача узайтирилган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top