Жаҳон | 09:17 / 10.04.2020
3260
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда парламент сайловларида муддатдан олдин овоз бериш бошланди

Жанубий Кореяда 15 апрелда ўтадиган Миллий кенгаш (парламент) сайловларида муддатдан олдин овоз бериш бошланди. 

Фото: Yonhap

Жанубий Корея марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, 10 ва 11 апрелда бутун мамлакат бўйлаб соат 6дан соат 18гача 3508 та сайлов участкаси фаолият олиб боради.

Коронавирус пандемияси шароитида сайлов комиссиясининг устувор вазифаси овоз берувчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Уларга сайлов участкаларига ҳимоя ниқобларида келиш тавсия қилинган.

Шунингдек, сайловчилар бюллетенларни олишга ва овоз бериш кабинасига навбатларда бир-бирларидан камида бир метр масофа сақлашлари керак бўлади. Овоз бериш кабинасига фақат қўлқопларда ва қўлларни дезинфекция қилгандан кейингина кириш мумкин бўлади.

Сайлов участкасига киришда сайловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади. Респиратор касалликлар аломатларига эга ва тана ҳарорати 37,5 даражадан юқори бўлганлар махсус жиҳозланган участкларга жўнатилади. Бу участкалар коронавирусга чалинган беморлар учун мўлжалланган 8 та шифохонада очилган.

Жанубий Кореяда парламент сайловлари ҳар 4 йилда бўлиб ўтади. Жорий сайловларда 253 депутат сайлов округлари, 47 депутат пропорционал партия рўйхатлари бўйича сайланади. 

Маҳаллий вақт бўйича соат 9га кўра, сайловчиларнинг 1,5 фоиздан кўпроғи овоз беришга улгурган.

Жанубий Кореяда охирги кун ичида коронавирусга чалинганлар 27 кишини ташкил қилди. Таъкидланишича, бу мамлакатда 20 февралдан бери қайд қилинган энг паст кўрсаткичдир.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид