Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адвокатлар мақомини оширишга доир ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган лойиҳада адвокатлар мақомини тубдан ошириши мумкин бўлган қоидалар кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасига кўра, 2020 йил 1 сентябрдан:
- адвокат бўлишни истаган шахслар учун адвокатлик тузилмаларида мажбурий уч ойлик стажировка муддати сақланган ҳолда юридик мутахассислик бўйича икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш тўғрисидаги талабни бекор қилиш;
- адвокатлик тузилмалари ва юридик маслаҳатхоналарни рўйхатга олиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатишни “ягона дарча” тамойили асосида Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириш;
- адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олганлик учун давлат божи миқдорини камайтириш;
- Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаларини улар томонидан ташкил этиладиган юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш учун давлат божидан озод этиш;
- адвокатлик тузилмаларини рўйхатга олиш ва юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризаларни икки кунлик муддатда кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳада 2020 йил 1 сентябрдан адвокатлик тузилмалари томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ ставкаси 5 фоизгача пасайтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, қарор лойиҳасида адвокат судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари биноларига иш вақтида ўзининг касбий фаолиятини амалга оширишидаги зарурият сабабли ҳеч бир тўсқинликсиз (фақат адвокат гувоҳномасини тақдим этиш билан) кириш ҳамда ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлишига оид қоида киритилган.
Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳати 2025 йил 1 январдан судьяликка номзодларга қўйиладиган мажбурий талаблардан бири бўлиб адвокат сифатида икки йилдан кам бўлмаган иш стажининг мавжуд бўлиши белгиланмоқда.
Лойиҳанинг эътирофга молик жиҳатларидан яна бири бу адвокатни мажбурий келтиришга, шахсий тинтув ўтказишга, унинг уй-жойи, хизмат хоналарини, юкларини, шахсий ва хизмат транспорт воситаларини кўздан кечиришга, адвокатни унинг касбий фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича сўроқ қилишга, шунингдек унинг почта, курьерлик жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилишга, ахборот ташишнинг электрон воситаларини кўздан кечиришга ва назорат қилишга, адвокатнинг телефони ва бошқа телекоммуникацион қурилмалари орқали амалга оширилаётган сўзлашувларни эшитиб боришга, алоқанинг техник каналларидан адвокатга боғлиқ бўлган ахборотни олишга йўл қўйилмаслигига оид қоидаларининг қонун даражасида белгиланаётганлигидир.
Ушбу харакатлар адвокат жиноят ишига гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилинган тақдирда суднинг санкцияси асосида амалга оширилади. Бунда адвокатнинг уй-жойида, хизмат хоналарида, транспорт воситаларида тинтув ўтказиш, кўздан кечириш Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси вакилининг иштирокида ўтказилади.
Шунингдек, лойиҳада Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини ривожлантириш Концепцияси ва адвокатура институтини Концепцияни амалга ошириш бўйича Йўл харитасини тасдиқлаш назарда тутилган.
Қарор лойиҳасининг муҳокамаси шу йилнинг 25 апрелига қадар давом этади.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
07:51 / 02.04.2026
Тошкент вилоятида адвокат 10 минг доллар билан ушланди
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026