07:46 / 13.04.2020
9819

Бухоро вилоятида экотуристик пляж зонаси қурилишига старт берилди

Лойиҳанинг умумий қиймати 3 млрд сўмни ташкил этиб, унинг фаолияти йўлга қўйилиши натижасида яна 150 нафар иш ўрни яратилиши назарда тутилган

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Бухоро вилояти Тўдакўл сув ҳавзаси ҳудудида жойлашган ёзги дам олиш масканида янги экотуризм ҳудуди ташкил этилиб, пляж зонаси яратилиши режалаштирилган. Бу ҳақда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти аxборот xизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда 15 гектар майдондан иборат бўлган мазкур ҳудуд бўйлаб ёзги дам олиш сайёҳлик масканини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

“Жаҳон андозаларига жавоб бера оладиган ёзги дам олиш маскани лойиҳасининг умумий қиймати 3 млрд сўмни ташкил этиб, унинг фаолияти йўлга қўйилиши натижасида яна 150 нафар иш ўрни яратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, ушбу сайёҳлик объекти пляж, бассейн, аквапарк, мини Диснейленд, 50 ўринга мўлжалланган меҳмонxона, дам олиш айвонлари, ресторан, ёзги терасса, Спа салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, автотураргоҳ ва маxсус сув транспортлари каби қатор қўшимча xизматларни ўз ичига олиб, бунда ташриф буюрувчилар учун очиқ осмон остида ўтказиладиган бир-биридан қизиқарли концерт ва шоу дастурлари айни муддао бўлиши шубҳасиз”, - дейилади хабарда.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 7 минг туп манзарали дараxтлар экиш мўлжалланган ҳудудда ҳозирга қадар 3 минг туп кўчатлар ўрнатилган ва пляж объекти бўйлаб табиий чим-майсалар ётқизилган.

Top