Ўзбекистон | 11:15 / 13.04.2020
17044
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Озарбойжонга инсонпарварлик ёрдами юборади

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юки етказиб берилиши учун масъул этиб белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президентининг топшириғига асосан Озарбойжон Республикасига коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига кўра, Озарбойжон Республикасига тиббий буюмлар ва воситалар шаклидаги инсонпарварлик ёрдами юборилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитасининг “Марказий” давлат корхонаси инсонпарварлик ёрдами юкини шакллантириш пункти этиб белгиланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юки етказиб берилиши учун масъул этиб белгиланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юкини етказиб бериш ишлари мувофиқлаштирилишини таъминлайди, шу жумладан уни тўплаш ва жўнатиш пунктига етказиб бериш учун зарур автотранспорт воситаларини ажратади.

Инсонпарварлик ёрдами юкини тезкорлик билан тақсимлаш мақсадида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан инсонпарварлик ёрдами юки қадоқланиб, унинг бир кун муддатда шакллантириш пунктига етказиб берилиши инобатга олинади.

Транспорт вазирлиги инсонпарварлик юкини Озарбойжон Республикасига етказиш учун белгиланган тартибда юк ҳаво кемасини ажратади.

Белгиланишича:

инсонпарварлик ёрдами юкининг таннархи, уни қадоқлаш, шакллантириш пунктига ҳамда белгиланган манзилга етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан;

инсонпарварлик юкини ташиш бўйича транспорт харажатлари Транспорт вазирлиги ҳисобидан қопланади.

Бунда, Транспорт вазирлигининг инсонпарварлик юкини ташиш билан боғлиқ молиявий зарарлари Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон томонининг инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш нияти тўғрисида Озарбойжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини белгиланган тартибда хабардор қилади, шунингдек, инсонпарварлик юки етказиб бериладиган пунктни ва уни топшириш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалаларни келишади.

Молия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси фармойишга мувофиқ давлат захираларидан чиқарилган моддий бойликларнинг ўрни белгиланган тартибда тўлдирилишини назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид