Жаҳон | 18:10 / 15.04.2020
7096
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ Трампнинг қарори туфайли бюджетининг 14 фоиздан ортиғини йўқотиши мумкин

АҚШ 2018-2019 йилларда ЖССТга 553,1 миллион доллар ўтказган – бу ташкилот бюджетининг 14,67 фоизини ташкил этади.

Фото: AP Photo / Patrick Semansky

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) АҚШ президенти Дональд Трампнинг ташкилотга бадал тўлашни тўхтатиш тўғрисидаги қарори туфайли бюджетининг 14 фоизидан ортиғини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда ЖССТ маълум қилди.

ЖССТ бюджети мажбурий ва ихтиёрий бадаллар ҳисобига молиялаштирилади. Давлатлар ташкилотга аъзо бўлиш учун мажбурий бадал тўлайди. Мажбурий бадал миқдори ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва аҳолисидан келиб чиқиб белгиланади.

Статистикага кўра, АҚШ 2018-2019 йилларда ЖССТга 553,1 миллион доллар ўтказган – бу ташкилот бюджетининг 14,67 фоизини ташкил этади.

ЖССТга 2018-2019 йилларда энг кўп пулни иккинчи ўринда Билл ва Мелинда Гейтс фонди ўтказган. Улар тақдим этган маблағ ташкилотнинг 9,76 фоиз бюджетига тенг. Кейинги ўринда эса 8,39 фоиз улуш билан Вакциналар ва иммунизациялар бўйича глобал альянс жойлашган.

ЖССТни молиялаштириш миқдори бўйича давлатлар орасида иккинчи ўринда Буюк Британия қайд этилган (293,5 миллион доллар ёки бюджетнинг 7,79 фоизи), учинчи ўринда эса Германия жойлашган (292,1 миллион доллар ёки 5,86 фоиз).

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон ЖССТ бюджетига бадаллар тўлашни тўхтатаётганини маълум қилганди.

Трампнинг сўзларига кўра, у суриштирув ўтказилишидан олдин ўз маъмуриятига тегишли буйруқ берган. АҚШ раҳбари ушбу қарор ЖССТ “асосий мажбуриятларини бажармаганлиги ва жавобгар бўлиши кераклиги” туфайли қабул қилинганини таъкидлади.

Мавзуга оид