Жамият | 07:49 / 16.04.2020
9036
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қорадорифурушлар карантин постида қўлга тушди

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча шаҳар ва туманларида блок постлари барпо этилган. Бу постларда ички ишлар органларининг бир қатор соҳавий хизматлари вакиллари карантин ва йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинишини назорат қилишмоқда. 

Фото: Жиззах ИИБ

Шунингдек мазкур постларда жиноятчиликка қарши кураш чоралари кўрилиб, муайян натижаларга эришилмоқда. 

Жорий йилнинг 11 апрель куни соат 18:45 да Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги «Сангзор-15» блок постида «Самарқанд – Жиззах» йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия-3» автомашинаси тўхтатилди ва автоулов йўловчиларидан бири шахсий тинтувдан ўтказилди.

Бундай йўл тутилишига Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходимларининг тезкор кузатуви сабаб бўлди, деб ёзади Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Тинтув натижасида Шароф Рашидов тумани, «Оқтошота» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1967 йилда туғилган фуқаронинг чўнтагидан қора тусли гиёҳванд модда топилди. Ўтказилган экспертиза айбланувчидан олинган 4 та полиэтилен пакетларга жойланган 51,31 грамм наркотик моддасининг опий эканлигини кўрсатди. 

Шу куни «Нексия-3» автоуловининг бошқа бир йўловчиси ҳам ушланган. Шароф Рашидов туманининг «Сайхон» маҳалласида истиқомат қилувчи, 1965 йилда туғилган мазкур фуқаро ҳам жиноятга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Яъни, айбланувчилардан бири опийни сотиб олган, бошқаси эса кийими ичига яширганлиги тахмин этилаяпти.  

Ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча хавфли инфекция тарқалишининг олдини олишни бурч деб билаётган бир вақтда айримларнинг қинғирликлардан ўзини тия олмаётгани ачинарлидир. Ҳар кимнинг ҳар дарди бор, деганлари шу бўлса керак.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид