Жаҳон | 23:03 / 16.04.2020
67054
11 дақиқада ўқилади

Тожикистонда расман коронавирус йўқ. Аммо бу ерда ҳам пандемияни ҳис қилишмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирус тарқалиши пандемия босқичига ўтгани ҳақида эълон қилганидан буён бир ой вақт ўтди, вирус барча қитъаларни қамраб олган, Тожикистонда эса Covid-19 билан зарарланганлар расман қайд этилмаган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТнинг Тожикистондаги вакили вирусдан зарарланиш ҳолатлари йўқлигини тасдиқлаган.

Россиядаги кўплаб мигрантлар карантин шароитида ишини йўқотди. Бундай вақтда янги иш топиш осон эмас / GETTY IMAGES

BBC мухбири коронавирус тасдиқланмаган бўлса-да мамлакат аҳолиси бундан қандай зарар кўраётгани ҳақида ўрганди.

43 ёшли Шаҳло (ҳақиқий исми сир тутилган) Covid-19 ҳақида илк марта телевизор орқали Хитойдаги янгиликлардан эшитган. Ўшанда бу ҳали жуда узоқда эди ва у ҳаёти қанчалик ўзгариб кетишини тасаввур қила олмасди.

У етти йил муқаддам Душанбедан Москвага келган, унинг ўтган йиллардаги ҳаёти иш ва уй орасида ўтди. Аввалига у фаррош бўлиб ишлаган, кейин сартарош, атиги бир ой олдин дўконга сотувчи сифатида ишга кирганди. Москвада Шаҳло ўғли билан яшайди. Душанбеда қизи ва набираси қолган.

«Мен урушда эримни йўқотганман ва болаларимни ёлғиз вояга етказганман, қизим жуда эрта турмушга чиққан ва тезда ажрашган. Ўшанда мен унга фарзандини катта қилишда ёрдам бериш учун Москвага кетишга қарор қилгандим. Шундан буён тўхтовсиз ишлаб келаман», дея ҳикоя қилади Шаҳло.

Аммо бир ой аввал у биринчи марта ишсиз қолди - у ишлаган дўкон карантин чоралари туфайли ёпилди. У ишдан бўшаганида тезда бошқа иш топишига умид қилганди, аммо унинг танишлари ишлайдиган барча жойлар ёпилганди.

Ҳозирда Шаҳло ва унинг етти нафар ватандоши икки хонали квартирада яшамоқда. Карантин вақтида Москвада иш топиш эса жуда қийин. «Менда ҳозиргача рўйхатдан ўтиб қўйиш учун вақт бўлмади, мен бу ерда қолишим учун патент муддатини узайтиришим керак. Буни қандай қилишни билмайман, ижара ҳақини қандай қилиб тўлашимни билмайман, аммо энг қўрқинчлиси - биргина менга қараб қолган қизим ва набирамга қандай ёрдам беришни билмайман», - дейди аёл.

Шаҳлонинг ўғлининг бироз омади келди: у озиқ-овқат етказиб берувчи курьер сифатида ишга кирди. Аммо унинг топгани Москва ва Душанбедаги тўрт кишини боқиш учун етмайди. Шаҳло ва унинг ўғли Душанбега қайтишдан маъно йўқ деб ҳисоблашмоқда, у ерда ҳозир ҳам иш йўқ.

Қарамлик
Шаҳлонинг қизи - Тожикистондаги ҳаёти хориждаги қариндошлари пул юборишига қисман ёки тўлиқ боғлиқ бўлган юз минглаб кишилардан бири. Айни вақтда бир миллионга яқин тожикистонлик Россияда меҳнат муҳожири бўлиб ишлайди. 2019 йилда улар юборган маблағлар (2,576 миллиард доллар) Тожикистон ЯИМининг учдан бир қисмига тенг.

Сиёсатшунос ва тадқиқотчи Павриз Муллажановнинг ҳисоблашича, Россиядан пул ўтказмалари қисқаргач Тожикистон ҳукумати кичик ва ўрта бизнесга таяна бошлади. Ҳукумат айнан шундай корхоналардан солиқ тушумлари тўхтамаслиги учун карантин эълон қилишни ортга сурмоқда.

ЖССТ тавсияларига қарамасдан, ҳукумат мамлакатда чеклов чоралари жорий этмаяпти, барча муассасалар одатий режимда ишлашда давом этмоқда, олий таълим муассасалари ва мактаблар ҳам очиқ. Ҳатто бу йил баҳорги армияга чақирув ҳам бекор қилинмади.

GETTY IMAGES

Ҳукумат бундай хотиржамликни мамлакатда коронавирус аниқланмагани билан изоҳламоқда.

«Ҳукуматнинг мантиғи шундай, улар аҳолининг аксар қисми ёшлардан иборатлиги туфайли бу вирус кенг тарқалиши олдини олишларига ишонишмоқда, кекса ёшдагиларнинг касалланишини эса яширишмоқчи. Аммо мамлакатнинг географик жойлашуви ва қўшни мамлакатларда коронавирус тарқалгани ҳисобга олинса, бундай ўйлаш жуда соддаликдир», деган Муллажанов.

Экспертлар Тожикистон ўз чегараларини маҳкам ёпиб, коронавирусни ўз ҳудудига киритмаган бўлса ҳам, мамлакат глобал инқироздан четда қололмайди деб ҳисоблашмоқда.

Тожикистон пандемияга қадар ҳам МДҲ ҳудудидаги энг қашшоқ давлат эди. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, мамлакат иқтисодиёти ташқи таъсирлар қаршисида ожиз қолади.

Осиё тараққиёт банки вирус минтақа иқтисодиётига чуқур таъсир кўрсатишини прогноз қилган. «Covid-19 пандемиясининг Тожикистон иқтисодиётига таъсири кейинроқ тўлиқ кўриб чиқилиши ва баҳоланиши керак. Чунки ҳозирги прогнозлар барқарор бўлмайди. Аммо пандемия ҳозирдан савдода узилишларни юзага келтирди, инвестиция лойиҳаларини секинлаштирди, даромадларни қисқартирди, миллий валютани қадрсизлантирди, соғлиқни сақлаш тизими харажатларини оширди, меҳнат миграциясини чеклади ва туризмдан даромадларни камайтирди», дея қайд этган ОТБнинг Тожикистондаги доимий вакили.

Тожикистон молия вазирлиги юзага келган вазият муносабати билан «иккинчи даражали харажатлар қисқартирилиши» кўриб чиқилаётганини маълум қилган, аммо бу режа тафсилотлари ва қисқартириш айнан қайси соҳаларга тааллуқлилиги бўйича изоҳ берилмаган.

Тожикистон эпидемияга тайёр бўлмаган давлатлар қаторида. Мамлакат соғлиқни сақлаш хавфсизлиги рейтингида 195 давлат ичида 130-ўринда туради.

Ваҳимадан қўрқув
Иқтисодий инқироз мамлакатдаги умумий вазиятга таъсир кўрсатиши мумкин, мамлакат 23 йил олдин фуқаролар урушини бошдан кечирган, шу туфайли Тожикистон ҳукумати аҳоли орасида коронавирус билан боғлиқ ваҳима юзага келишидан қочишга уринмоқда.

Интернетда мамлакатга аллақачон Covid-19 кириб келганини фаол муҳокама қилишмоқда. Аммо соғлиқни сақлаш вазирлиги икки марта Сўғд вилоятидаги Жаббор-Расул туманида икки киши коронавирус қурбонига айлангани ҳақидаги хабарларни рад қилиб, улар аслида сурункали касалликлардан вафот этгани ҳақида баёнот билан чиқди. Вафот этган беморларга қараган шифокорлар карантинга олингани эса умумий эҳтиёткорлик чоралари сифатида изоҳланган.

Шифохонанинг собиқ бош шифокори Дилмурод Рахматуллоев «Азия-Плюс» нашрига айтишича, айни вақтда мамлакатда 400 киши карантинга жойлаштирилган. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги BBC нашрининг бу хабар бўйича изоҳ беришни сўраб қилган мурожаатларини жавобсиз қолдирган.

Бундай хабарлар Тожикистон аҳолисини жиддий ташвишлантирмоқда. 25 ёшли Манижа Душанбеда маросимлар ташкилотчиси сифатида ишлайди ва ҳамон офисига қатнамоқда. Аммо у март ойи бошига қадар ҳафтасига 30 кишига тренинг ўтган бўлса, ЖССТ пандемия эълон қилгач, машғулотлар онлайн ўтила бошланди.

«Биз аудиториямиз билан таваккал қилишни истамаймиз, шунинг учун биз онлайн-форматга ўтдик. Аммо, ўзимиз, афсуски аввалгидек офисдан ишлаяпмиз. Мен пенсионер ота-онам ҳамда кекса бувам билан яшайман, яъни мен касаллансам, уларнинг ҳаётини хавф остида қолдираман», - дейди Манижа.

Манижа ҳар куни одамлар билан тўла маршруткада ишга қатнайди, йўловчиларнинг аксар қисми ниқоб тақмайди. Қизнинг айтишича, тожикистонликларнинг аксари ижтимоий масофаланиш ҳақида ҳеч нарса билишмайди.

Душанбедаги бозорлардан бири 2019 йил ёзида шундай кўринишда эди. Тожикистон пойтахти кўчаларида ҳозир ҳам одам кўп
ANADOLU AGENCY

Қатъий карантин чоралари жорий этилган қўшни давлатлардагидан фарқли ўлароқ, Душанбе кўчаларида одамлар кўп. Шаҳардагиларнинг бир қисмигина ўз хоҳиши билан иҳоталанган ва имкон қадар кўчага камроқ чиқишмоқда.

Айни вақтда мамлакатда уйга озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш хизматларига талаб ортган. Шаҳарда лимон ва саримсоқ пиёз нархи ҳаддан ташқари кўтарилиб кетган. Кўпчилик айнан шу маҳсулотлар вирусдан ҳимоялайди деб ҳисоблашади. Умуман олганда, Душанбеда ҳаёт деярли ўзгармаган. Чеклов чоралари қўлланган биргина жой - пойтахтдаги стадиондир. Бу ерда футбол ўйинлари томошабинларсиз ўтказилмоқда.

Футбол ўйинлари давом этмоқда, фақат томошабинларсиз / REUTERS

«Мен ниқоб тақишимга фақат бир марта зарурат бўлди. Паспорт столида. Биз 16 ёшга чиққан ўғлимга паспорт олиш учун боргандик, у ердагилар биздан тиббий ниқоб тақишни сўрашди, кўчада эса ниқоб тақиб юрганлар жуда кам учрайди», дейди 41 ёшли Насибахон.

Насибахон - катта бўлмаган компания раҳбари, компания ходимлари масофадан ишлаши бўйича қарорни унинг ўзи қабул қилиши мумкин. Душанбеда ўзини яккалаш тартибига ва ижтимоий масофа сақлашга фақат халқаро ташкилотлар ходимларигина амал қилишмоқда, кўплаб компаниялар ва корхоналар одатдаги каби ишлашни давом эттиришмоқда.

Икки миллион ўқувчи ва талабалар ўқишга қатнашда давом этмоқда. Ҳукумат баҳорги таътилдан кейин мактабларда таълим давом этиши ҳақида қарор қабул қилганида, ота-оналар ва ўқувчилар эса барча таълим муассасалари етарлича дезинфекция қилингани туфайли хотиржам эди.

Масжидлар ҳам очиқ
АҚШ халқаро ривожланиш агентлигининг (USAID) Марказий Осиёда таълим ва соғлиқни сақлаш офиси директори Жошуа Карнс Covid-19 мавзусидаги брифингда Тожикистонни касалланиш ҳолатларини яширишда айблашга асос йўқлигини қайд этиб ўтди.

«Мен Тожикистоннинг маълумот бериш бўйича шаффофлигига шубҳа қилмайман. Эҳтимол, тестлар ҳозирча коронавирусни аниқлай олмаётгандир. Менимча, Тожикистонда одамларни тест қилиш кўламини кенгайтириш керак», - деган Карнс.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг мамлакатда коронавирус йўқлиги ҳақидаги баёнотини ЖССТнинг ушбу мамлакатдаги расмий вакили Галина Перфильева ҳам «Тожикистон» телеканали эфирида тасдиқлаган.

Перфильева Тожикистон ҳукумати ва мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигини вирус мамлакатга кириб келиши олдини олишдаги чоралар учун мақтаган. Тожикистон қўшни давлатлар билан чегараларни ёпиб қўйган, мамлакатга хорижликлар киришини тақиқлаган ва халқаро рейсларни тўхтатган.

«Сўнгги ойларда хориждан келган 6 мингдан ортиқ киши карантинда бўлган. Айни вақтда 4 мингга яқин киши карантин ҳудудларида қолмоқда», - дейди Перфильева.

Тожикистонда хориждан келадиганлар учун яна жами 3 минг кишилик 4та стационар тайёрлаб қўйилган, бу муассасалар Душанбе, Хўжанд ва Бохтарда жойлашган.

Шу билан биргаликда, чегаралар ёпилишидан олдинроқ мамлакатга ҳар куни юзлаб кишилар учиб келганига (қуруқлик орқали кирганларни ҳисобламаганда) эътибор қаратиб, мамлакатга ўша вақтда вирус олиб кирилганини айтаётганлар ҳам бор.

Қўшни Қирғизистонда Саудия Арабистонида умрадан қайтган одамларда коронавирус аниқланганди. Тожикистонда ҳам ҳаждан қайтганлар бор ва уларнинг ҳолати маълум эмас. Мамлакатдаги масжидлар дезинфекция қилиниб, яна жамоат намозлари учун очилди. Бундан ташқари, Тожикистон ҳукумати ЖССТ тавсияларига қарамасдан 21 март куни Наврўз байрамини ўтказишга қарор қилди. 

Мавзуга оид