Иқтисодиёт | 15:48 / 18.04.2020
24587
2 дақиқада ўқилади

Карантин туфайли солиқ тушумлари қанчага камайгани маълум бўлди

16 мартдан бошлаб республикада амал қилаётган карантин режими март ойи якуни билан бюджет тушумларига таъсир кўрсатмаган 

Фото: KUN.UZ

Республикадаги мавжуд карантин режими туфайли жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан тушумлар 3 баробарга, ЯТТларнинг қатъий белгиланган солиғи бўйича тушумлар 84 фоизга камайган. Бу ҳақида Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Музаффар Назаровга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Қўмита вакили карантин режимининг бюджетга келадиган солиқ тушумлари ҳажмига таъсири ҳақида маълумот берди. 

Унга кўра, 16 мартдан бошлаб республикада амал қилаётган карантин режими март ойи якуни билан бюджет тушумларига таъсир кўрсатмаган.

“Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича тўлов муддати 15 октябрга кўчирилгани, якка тартибдаги 195 мингга яқин тадбиркор фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлганлиги сабабли солиқ тушумларида маълум ўзгаришлар бўлди.

Хусусан,  жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан тушумлар 3 баробарга пасайган – 130 млрд сўмдан 40 млрд сўмга тушган. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиғи бўйича тушумлар 84 фоизга камайган, уларнинг 80 фоиздан ортиғи фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган”, деди Музаффар Назаров АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Бошқарма бошлиғи солиқ тушумларининг камайиши карантин қоидалари юмшатилишига сабаб бўлмаслигини таъкидлади.

“Карантин ва жорий қилинган чекловлар сабабли айрим ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайиши, баъзи тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши солиқ тушумларининг белгиланган прогноз кўрсаткичларидан пастроқ бўлишига олиб келиши мумкин. 

Лекин давлат раҳбари маблағ билан боғлиқ ҳар қандай йўқотишлар фуқаролар соғлиғидан муҳим эмаслигини доим такрорламоқда. Шундан келиб чиқиб, солиқ тушумларининг камайиб кетиши карантин қоидалари юмшатилишига сабаб бўла олмайди деб бемалол айтишимиз мумкин”, дея қўшимча қилди Музаффар Назаров.

Мавзуга оид