Жамият | 22:47 / 19.04.2020
36142
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда ички ишлар ходими кийимидаги сохта подполковник қўлга тушди

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги вақтинчалик карантин постида ЙПХ инспектори Cobalt русумли автомобилни тўхтатиб ҳужжатлар тақдим этишни сўраганда, ишлар ходимларининг “дала” кийимида бўлган ҳайдовчи подполковник унвони борлигини айтиб, ходимларни алдашга уринган. Айни пайтда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар беришича, подполковник унвони борлигини айтган ҳайдовчи аввал ИИВ тизимида ишлаганини айтиб ЙПХ ходимларини алдашга уринган. Фуқаро ички ишлар бўлимига олиб борилганида, унинг қўриқлаш хизматларини кўрсатувчи МЧЖда фаолият юритиши маълум бўлган.

Текширув пайтида Cobalt’дан ИИВ ходимларининг какардаси тақилган дала бош кийими ва дала кийими, PR-73 русумли резина таёқ ва унинг ғилофи, қўлбола усулда ясалган нючаки уриш мосламалари топилган. Улар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Ички ишлар органида ўтказилган суҳбат давомида Бўка туманида туғилган, айни пайтда Олмалиқ шаҳрида яшовчи 45 яшар ҳайдовчи ўзини ички ишлар ходими сифатида таништирганидан тонган, ЙПХ ходимларига кўрсатган гувоҳномасида «подполковник» унвони ёзилганлигидан бехабар бўлганини айтган. Дўсти тикиб берган қўриқлаш хизмати формасини эса яқин кунларда бошқачароқ шаклда қайта тиктиришини билдирган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид