Ўзбекистон | 09:47 / 20.04.2020
5249
9 дақиқада ўқилади

Экспорт фаолияти янада қўллаб-қувватланади – Президент қарори лойиҳаси

Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қабул қилинади

Президентнинг “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида “Ўзбекистон Республикаси экспорт-кредит агентлиги” акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Қуйидагилар Экспорт-кредит агентлигининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

маҳаллий тадбиркорлик субъектларига экспортолди молиялаштириш мақсадлари учун кредитлар ажратиш;

маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун экспортолди молиялаштириш кредитлари бўйича кафолат ва кафилликлар бериш;

маҳаллий тадбиркорлик субъектларига экспорт шартномалари бўйича факторинг хизматлари кўрсатиш;

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олувчи хорижий харидорларга экспорт шартномалари ижроси, шу жумладан бўнак тўловлари бўйича кафолат ва кафилликлар бериш;

халқаро тажрибадан келиб чиқиб, савдони молиялаштириш инструментларидан кенг фойдаланган ҳолда экспорт қилувчи маҳаллий тадбиркорлик субъектларига бошқа турдаги банк-молия хизматларини кўрсатиш;

экспорт қилувчиларга, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа хизматларни кўрсатиш.

Бунда, Экспорт-кредит агентлигига ушбу бандда белгиланган асосий йўналишлари бўйича хизматларни тўғридан-тўғри ёки тижорат банклари орқали кўрсатишга рухсат берилади.

Экспорт-кредит агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган хизматларнинг молиявий манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан Экспорт-кредит агентлиги низом жамғармасини шакллантириш учун ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари, бунда мазкур маблағларнинг 50 фоизи бир ой муддатда Экспорт-кредит агентлигига ўтказиб берилади;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари, бошқа донор ташкилотлар ҳамда хорижий банклар ва хусусий молия компанияларидан, шу жумладан давлат кафолати остида, жалб этиладиган кредитлар (қарзлар);

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги зиммасига экспорт қилувчи корхоналарга маҳаллий тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга ва гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланилганда суғурта суммасини қоплашга компенсациялар тақдим этиш ҳамда кафилликлар бериш вазифалари юклатилади.

Юклатилаётган вазифаларни бажариш мақсадида Экспортни рағбатлантириш агентлиги қошида, юридик шахс тузмаган ҳолда, тижорат банкларида ҳисоб рақамлар очиш орқали қуйидаги манбалар ҳисобидан шаклланадиган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади:

Президентнинг 2019 йил 24 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4337-сон қарори билан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига юклатилган вазифаларни бажариш учун 2019-2020 йилларда Давлат бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 25 миллиард сўм;

Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига бошланғич бадал сифатида берилган маблағларни камайтириш ҳисобидан 20 миллион АҚШ доллари. Ушбу маблағ Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир ой муддатда Жамғармага ўтказиб берилиши таъминланади;

2021 йилдан бошлаб, Давлат бюджетига импорт божларидан келиб тушадиган маблағларнинг 5 фоизи, ҳар ой бошида аввалги ойдаги тушумлар ҳисобидан тўлиқ ажратиб берилиши шарти билан;

Жамғармада вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар.

Бунда, Жамғармада вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадларнинг бир қисмини Экспортни рағбатлантириш агентлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, юқори малакали, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартномалар асосида жалб қилиш (меҳнатга ҳақ тўлаш, транспорт харажатлари ва бошқалар), ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар, шу жумладан чет элда ўтказиладиган тадбирлар, шунингдек, уларнинг фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш харажатларини молиялаштириш учун йўналтирилишига рухсат берилади.

Қарор ва аввал қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ва компенсациялар ажратиш бўйича Экспортни рағбатлантириш агентлигига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини самарали ташкил этиш мақсадида унинг тузилмасига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 17 та, шу жумладан вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида биттадан штат бирлиги қўшимча ажратилади.

Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизимининг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича Мувофиқлаштириш кенгашининг таркиби тасдиқланади ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Экспорт-кредит агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси” акциядорлик жамияти, “Ўзагроэкспортбанк” акциядорлик тижорат банки ва бошқа алоқадор ташкилотларнинг фаолиятларини бошқариш;

Экспорт-кредит агентлигининг таркибий тузилмасини, фаолияти ва хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомларини, харажатлар ва даромадлар сметасини, иш режаларини, ривожланиш стратегияларини тасдиқлаш ва ўзгартиришлар киритиш;

Экспорт-кредит агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган хизматларнинг шартлари ва тарифларини белгилаш;

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан Жамғарма ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига давлат молиявий қўллаб-қувватлаш хизматларини тақдим этиш шартлари ва миқдорларини белгилаш;

Экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими фаолиятини самарали ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида қонунчиликка зид бўлмаган бошқа зарур чораларни кўриш.

Белгилаб қўйилишича:

а) Экспорт-кредит агентлиги низом жамғармасидаги давлат акциялари (улушлари) пакети, шу жумладан Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган маблағлар бўйича акциядорлик ҳуқуқи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тегишли;

б) Экспорт-кредит агентлигининг бош директори ва Экспортни рағбатлантириш агентлигининг директори – Вазирлар Маҳкамаси томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тақдимномасига асосан лавозимига тайинланади ва ундан озод қилинади;

Экспорт-кредит агентлигининг бош директор ўринбосарлари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг буйруғига асосан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

в) Экспортни рағбатлантириш агентлигининг директори Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади;

г) Экспорт-кредит агентлиги ва Экспортни рағбатлантириш агентлигининг ҳудудлардаги ходимлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудлардаги бошқармаларида жойлаштирилади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича вазифалари 2020 йил 1 июндан бошлаб Экспортни рағбатлантириш агентлигига ўтказиш орқали бекор қилинади.

Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг тижорат банклари олдида шаклланган мажбуриятлари ва уни бажариш мазкур жамғарманинг ўзида сақлаб қолинади.

Президентнинг 2019 йил 24 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4337-сон қарори билан темир йўл транспорти харажатларини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш бўйича белгиланган механизм 2020 йилнинг 1 майидан бошлаб, маҳсулотларни ҳаво транспорти ва автотранспортда экспортга ташиш харажатларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Мувофиқлаштириш кенгаши маҳсулотларни темир йўл, ҳаво транспорти ва автотранспортда экспортга ташиш харажатларини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш тартибини тасдиқлайди.

Молия вазирлиги ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш юзасидан:

Экспортни рағбатлантириш агентлигининг харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2020 йил учун давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратади ва 2021 йилдан бошлаб бюджет маблағларини кўзда тутади;

Давлат бюджетидан Жамғармага йўналтирилиши назарда тутилган кўрсатилган маблағларни бир ой муддатда, қолган маблағларни кўрсатилган муддатларда ўтказиб борилишини таъминлайди;

Экспорт-кредит агентлигига ўз вазифаларини бажариш мақсадида жалб қилинадиган кредитлар (қарзлар) бўйича ўрнатилган тартибда давлат кафолатларини тақдим этиб боради.

Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Марказий банк билан биргаликда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 2020 йилдаги даромадлар ва харажатлар прогнозига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни ўрнатилган тартибда киритади.

Ўзбекистон божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти 2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб бекор қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид