Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХТТБ иштирокида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги модернизация қилинади
Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳаси амалга оширилади
Президентнинг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, қуйидагилар:
2020 йил 20 мартда Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистонга «Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини молиялаштириш учун умумий 30 йил муддатга 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ)нинг 181,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарзи ва Халқаро тараққиёт уюшмасининг кўламини кенгайтириш дастурининг 100 млн. АҚШ доллари миқдорида кредити ҳамда 5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмаси (ХТУ)нинг 219 млн. АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредити ажратилишини маъқулланган;
Лойиҳанинг умумий қиймати 659,5 млн АҚШ доллари эквивалентини, шундан Ўзбекистоннинг улуши — 159,5 млн АҚШ доллари, шу жумладан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш — 124,5 млн АҚШ доллари эквивалентини ва Лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши — 35,0 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади;
Лойиҳани амалга ошириш даври 6 йилни (2020 ― 2026 йиллар) ташкил этади.
Белгиланишича:
Лойиҳа Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади;
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Лойиҳани ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш, уни мувофиқлаштириш ва бошқариш, Лойиҳани амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;
Жаҳон банкидан олинган маблағлар Молия вазирлиги томонидан қайтарилади;
кредит линиясини бошқариш, Жаҳон банкининг маблағлари ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистоннинг тижорат банкларига юкланади.
Агентлик Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда Лойиҳа доирасида бериладиган қарзни қайта молиялашнинг муддатлари ва шартлари, сублойиҳаларни танлаш ва уларни баҳолаш мезонларини белгилаган ҳолда, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг қарзидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, Агентлик бош директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига Лойиҳа доирасидаги тадбирларни самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш, шунингдек, Жаҳон банки ҳамда Ўзбекистон қонунчилиги талаблари ва тартиб-таомилларига мувофиқ зарур ҳисоботлар ва ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ҳамда тақдим этилишини ташкил қилиш юзасидан шахсий масъулият юкланади.
Ўзбекистон молия вазирига Ўзбекистон номидан қуйидагиларни имзолаш ваколати берилади:
Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки билан қарз ва Халқаро тараққиёт уюшмаси билан молиялаштириш тўғрисидаги битимларни;
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамда Лойиҳада иштирок этувчи Ўзбекистоннинг тижорат банклари, Узумчиликни ривожлантириш агентлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий-тадқиқот институти, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат корхонаси ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан Жаҳон банки томонидан ажратиладиган маблағларни қайта кредитлаш битимларини.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги Лойиҳа Ўзбекистоннинг Инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.
Қуйидагилар:
Лойиҳани амалга ошириш доирасида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари), қўшилган қиймат солиғидан, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан;
Лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган жисмоний шахслар — Ўзбекистон норезидентларининг даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ турлардан озод қилинади.
Белгиланишича:
мазкур бандга мувофиқ тақдим этилган имтиёзларнинг амал қилиши Лойиҳа доирасида қайта молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан жисмоний ва юридик шахслар томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳам жорий этилади;
ушбу имтиёзлар натижасида бўшаган маблағлар Ўзбекистоннинг Лойиҳани амалга оширишдаги улуши деб ҳисобланади.
Ташқи ишлар вазирлиги Агентликнинг буюртманомалари бўйича Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи чет эллик мутахассисларга кириш визаларини консуллик ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
09:06 / 03.06.2026
Ўзбекистон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги уруғликларини беғараз етказиб берди
20:28 / 14.05.2026
Интенсив боғдорчиликка ўтиш: президент эски боғларни янгилашни буюрди
20:32 / 12.05.2026
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида ягона марказлашган тизим яратилади
19:05 / 12.05.2026