Жамият | 15:33 / 20.04.2020
16622
2 дақиқада ўқилади

Янгийўлда тунда қурол кўтариб юрган шахслар 15 суткага қамалди

Янгийўл шаҳрида тунги вақтда спорт пневматик милтиқлари билан юрган уч нафар ҳуқуқбузарга суд қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Милтиқлари эса йўқ қилинади.

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар жорий йилнинг 15 апрель куни тунда қўлида қурол билан дайди итлар отиб юргани ҳақидаги видеолавҳа тарқалганди.

Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ ва Янгийўл шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида бу иш Янгийўл шаҳри Наврўз даҳасида яшовчи 44, 39 ва 38 ёшлардаги уч эркак томонидан содир этилгани аниқланганди.

 
Янгийўлда тунда қурол кўтариб юрган шахслар аниқланди

Янгийўлда тунда қурол кўтариб юрган шахслар аниқланди 👉 https://kun.uz/41318282

Posted by Kun.uz on Wednesday, April 15, 2020

Олий суд матбуот хизмати хабар беришича, мазкур ҳуқуқбузарлик иши Янгийўл шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилган. Суднинг 18 апрелдаги қарори билан ҳар уч фуқаро МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир қилганликда айбли деб топилиб, уларга 15 суткадан қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, ҳуқуқбузарлардан махсус қабулхонада сақлаш билан боғлик харажатлар учун суткасига базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизини (33 450 сўм) ундириш белгиланган.

Ашёвий далил сифатида олинган икки дона «HATSAN STRIKER» номли спорт пневматик милтиқлари йўқ қилиниши белгиланган.

Олий суд матбуот хизматининг қўшимча қилишича, шу йилнинг 1-20 апрель кунларида мамлакат маъмурий судлари томонидан жами 918 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси, 183-моддаси, 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги 641та иш кўрилган бўлиб, шундан 421 нафар шахсга нисбатан жами 246 432 000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган. 486 нафар шахсга нисбатан эса турли муддатлардаги маъмурий қамоқ жазолари қўлланган.

Мавзуга оид