Ўзбекистон | 20:06 / 21.04.2020
37800
5 дақиқада ўқилади

Инқироз даврида Ўзбекистонга Ғарб ҳам ёрдам бериши мумкинми?

Коронавирус Ўзбекистонга март ойининг биринчи қисмида кириб келган бўлсада мамлакат пандемия зарарларини 30 мартдан бошлаб чинакамига ҳис эта бошлади. Шу кундан эътиборан, ҳукуматнинг махсус комиссияси жамоат жойида ҳаракатланишга чеклов жорий этди. Бемақсад уйдан чиқмаслик қатъиян тавсия этилди.

Фото: KUN.UZ

Мамлакат раҳбарияти бир вақтнинг ўзида ҳам жамоат соғлигини сақлаш, ҳам кутилаётган инқирознинг салбий таъсирларини юмшатиш устида бош қотирмоқда. Аммо ушбу масалалар Ўзбекистон халқининг ёлғиз иродаси билан амалга оширилмайди.

«Жексон-Вэник»  чеклови

27 март куни АҚШ расмий доиралари ва бизнес-уюшмалари билан Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг иқтисодий соҳаларга таъсирини юмшатиш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чоралар муҳокамасига бағишланган видеоконференция ўтказилди.

Мулоқотда расмий Тошкент ЖСТга аъзо давлатлар билан музокараларда имтиёзларга эга бўлиш учун Ўзбекистонга ривожланаётган иқтисодиёт мақомини беришни, шунингдек, мамлакатни «Жексон-Вэник» тузатишларининг таъсирчан чоралари рўйхатидан чиқаришни сўради.

Конгресс томонидан қабул қилинган «Савдо тўғрисида»ги қонунга 1974 йили киритилган тузатиш муаллифлари, конгрессменлар Ҳенри Жексон ва Чарльз Вэник фуқароларнинг эмиграциясига тўсқинлик қилаётган, инсон ҳуқуқларини поймол этувчи давлатларга нисбатан иқтисодий босимни таклиф қилишганди. Уларнинг фикрича, АҚШ шундай давлатлар билан муносабатларда савдо имтиёзлари, давлат ва унинг кафиллигидаги кредитларни ажратишни тақиқлаши лозим.

Айни пайтда бу қонуннинг таъсирчан чоралари рўйхатига Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбойжон, Туркманистон, Тожикистон ва Беларусь ҳам киритилган.

Танганинг иккинчи томонига қарасак, халқ орасида ОВИР номи билан яхши таниш бўлган, фуқароларнинг четга чиқишини чеклайдиган эски тизим бекор қилинди. АҚШ элчиси Даниэль Розенблюм ҳам журналистлар билан суҳбатда «Савдо тўғрисида»ги қонунга киритилган тузатиш маънан эскирганини тан олган.

Аммо АҚШ қонунларида ёзилмаган тартибга мувофиқ, «Жексон-Вэник» тузатишларининг таъсирига тушиб қолган давлат, аввало, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши лозим.

ЖСТ — узоқ чўзилган музокаралар

ЖСТга аъзо бўлиш — Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар қатори специфик мажбуриятларни зиммасига олишини англатади. Бунинг учун узоқ муддатли музокаралардан ўтиш, келишув ва техник регламентлар шартларига мослашиш лозим.

Бундан ташқари, Cotton Campaign тузилмаси доирасида ўзбек пахтасини бойкот қилиш борасида тарғибот тўхтамади. Пандемия ва ундан кейинги даврда кутилаётган инқироз вазиятни янада мураккаблаштириб, Ўзбекистон ҳукуматининг имкониятларини табиий шартлар билан чегаралаб қўймоқда.

Ўзбекистон плюс имтиёзлар бош тизими (GSP+) эришмай, Европа Иттифоқига кўп маҳсулотларни божсиз экспорт қила олмайди. Агар Тошкентга бир томонлама тариф имтиёзлар  тақдим этилса, 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотни бож тўловисиз олиб кириши мумкин бўлади. 

ЕОИИга маҳлиё парламент ва меҳнат мигрантлари

Айни чоғда Олий Мажлис депутатлари Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олишнинг салбий ва ижобий жиҳатларини ўрганиши ҳам вазиятни чигаллаштиряпти. Бир тарафдан ҳукумат Россия етакчилигидаги ЕОИИга маънан яқин турган бўлса, иккинчи томондан яқинлашаётган инқирозда ҳамкорликнинг энг яхши намунасини кўрсата олмаётган Ғарб сокинликни сақлаб турибди.

Шунингдек, карантин туфайли оммавий равишда ватанга қайтганларни иш билан таъминлаш ҳам ҳукуматни ўйлантирадиган масала. Депутатлар ўз чиқишларида ЕОИИда кузатувчи мақомини олиш меҳнат мигрантларига фойда беришини баралла айтмоқда. Табиийки, савол пайдо бўлади: нега шу ўрнида ЕИ ўзбек меҳнат мигрантларини қабул қилиш ва касбга қайта тайёрлаш учун кўмак беришга шошилмаяпти? Нега ҳалигача меҳнат мигрантлари учун виза бериш тартиби соддалаштирилмаган?

Ғарб узоқ йиллар талаб қилган демократик ўзгаришлар ва ислоҳотлар ҳосила бермайдими? Президент Шавкат Мирзиёев қатъий ва сиёсий иродаси билан мамлакатда сўз эркинлиги мустаҳкамланди. Турли нобоп амалиётлар бекор қилинди, хусусан минглаб кишилар «қора рўйхат»дан чиқарилди, Суриядан ватандошларни қутқариш операциялари амалга оширилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига катта урғу қўйилди. Менимча, сўнгги 4 йил ичида Ўзбекистон тўғри ва ижобий йўлдан келаётганди. Ҳа, айрим масалаларда ҳали кўзланган манзилга етиб келмаганмиз, балки айрим масалаларда умуман нишонга ура билмадик. Лекин инсоният кутмаган пандемия ва инқироз барча режаларни ўзгартирди. Биз аллақачон бошқа дунё, бошқа тартиблар билан яшашни бошладик. Наҳот, булар инобатга олинмаса? 

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид