Жаҳон | 23:00 / 21.04.2020
9393
4 дақиқада ўқилади

Фото: Қиролича Елизавета II 94 ёшни қаршилади

Британия қироличаси Елизавета II 21 апрелда 94 ёшини қаршилади. У ўз таваллуд кунини 98 ёшли турмуш ўртоғи Филипп билан Виндзор саройида изоляция шароитида нишонлади. 

Фото: AP

Жуфтлик бу саройга Букингем саройидан март ойида коронавирус тарқалиши ортида кўчиб ўтганди.

Қиролича бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси ва ундан минглаб одамлар вафот этаётгани ортида унинг таваллуд кунига анъанавий равишда уюштириладиган салютни ўтказмасликни илтимос қилган

Қиролича ижтимоий тармоқларда туғилган куни муносабати билан тушган янги суратлари билан бўлишган. Ижтимоий масофалашув қоидалари амал қилаётгани сабабли қиролича ҳузурига ташрифлар амалга оширилиши режалаштирилмаган.

Қироллик оиласи аъзолари Елизавета II’ни ижтимоий тармоқлар орқали табриклашган. Қироличанинг тўнғич ўғли - шаҳзода Чарльз ўз рафиқаси билан бирга онасини британ монархларининг Вестминстердаги қароргоҳи - Кларенс-хаусдан муборакбод этган.

Шунингдек, қироличани унинг набираси шаҳзода Уильям рафиқаси ва фарзандлари билан бирга Кенсингтон саройидан табриклаган. 

Узоқ йиллик анъанага кўра, Елизавета II’нинг туғилган куни йилда икки марта: 21 апрелда оила даврасида ва расман июннинг иккинчи шанбасида нишонланади. Қироличани бутун мамлакат аҳолиси табриклайди, унинг шарафига очиқ қабуллар ва парадлар ташкиллаштирилади.

Елизавета ІІ 1926 йилда Лондонда дунёга келган. Тахтга 1952 йил 6 февралда 25 ёшида ўтирган. У Британия тарихида энг узоқ ҳукмронлик қилаётган монарх ҳисобланиб, тахтни 68 йилдан бери эгаллаб келади.  

Қироличанинг 4 нафар фарзанди – 3 ўғли ва бир қизи бор.

PA MEDIA

 Бу йил қироличанинг туғилган куни муносабати билан анъанавий салют отилмайди. Елизавета II 68 йиллик бошқаруви даврида бирор марта бу маросимни бекор қилмаганди. Айни вақтда монарх турмуш ўртоғи Филипп билан бирга Виндзор қасрида бўлиб турибди.

GETTY IMAGES

2017 йилда қироличанинг туғилган куни шарафига Лондон марказидаги Гайд-паркда замбараклардан ўқ узилганди. 

PA MEDIA

 Британ монархларида, ўз туғилган кунидан ташқари, расмий туғилган куни ҳам бўлади, бу кун гвардиячиларнинг ҳарбий паради билан ўтказилади (Trooping the Colour). Бу кун июнь ойига тўғри келади ва унда қироличанинг ўзи иштирок этади. Бу йили бу маросим ҳам пандемия туфайли ўтказилмайди. Фотода қиролича ва унинг турмуш ўртоғи 2009 йилги парад вақтида.

GETTY IMAGES

Болаликда қиролича «Лилибет» лақабини олган, чунки у ўз исмини тўғри талаффуз қила олмаган. ОАВ маълумотига кўра, унинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп уни «карамхон» деб атайди. Фотода бўлажак қиролича ва унинг синглиси малика Маргарет 1940 йилда. 

Қиролича Иккинчи жаҳон уруши давридан буён автомобиль бошқаришни ёқтиради. У уруш даврида автомеханикликка ўқиган ва юк машинаси ҳайдаган. Унинг севимли автолари - Range Rover ва Jaguar. Фото 1988 йилга мансуб. 

Ҳар йили Лондоннинг Челси туманида боғдорчилик-гуллар шоуси ўтказилади, анъанага кўра унда қироллик хонадони вакиллари иштирок этишади. Бу йили маросимни коронавирус пандемияси туфайли бекор қилишди. Фотода - қиролича ўз набираси Уильям ва унинг рафиқаси Кейт билан бирга.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид