09:03 / 21.04.2020
7102

Самарқандда 20та кемпинг ташкил этилиши режалаштирилмоқда

Самарқанд вилоятида замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи ва туризм инфратузилмаси объектларини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятида замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи ва туризм инфратузилмаси объектларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Омонқўтон МФЙда жойлашган “Дўстлик” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бино ва иншоотларини инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ZAMIN-TRAVEL” масъулияти чекланган жамиятига “ноль” харид қийматида сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Белгилаб қўйилишича, инвестор қуйидаги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади:

2022 йилнинг якунига қадар ўз маблағлари ҳисобидан 2,0 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиб, объектни тўлиқ реконструкция қилиш, объект негизида замонавий инфратузилма объектларига шунингдек, спорт-соғломлаштириш мажмуаларига эга:

100 ўринли болалар спорт-соғломлаштириш оромгоҳи;

75 ўринга эга жами 20 та кемпинг (дам олиш масканлари);

3 юлдузли хизматлар сифатига эга 100 ўринга мўлжалланган (номерлар сони 40 тадан иборат) меҳмонхона комплексини ташкил этиш;

камида 55 та янги иш ўринларини яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ойлик муддатда ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган шартларда объектни “ноль” харид қийматида сотилиши бўйича инвестор билан олди-сотди шартномаси тузилишини ҳамда инвестор томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминлайди.

Top