15:07 / 22.04.2020
11238

Миссури штати коронавирус пандемияси сабабли Хитойни судга берди

Миссури штати бош прокурори Эрик Шмиттнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати "жамоатчиликни чалғитган", "муҳим маълумотни яширган", "касаллик инсондан инсонга юқишини рад этган" ва ҳатто "ҳимоя воситаларини яширган".  

Фото: Picture Alliance

Миссури штати Хитой ҳукуматини коронавирус пандемияси сабабли судга берди. Бу ҳақда штат бош прокурори Эрик Шмитт маълум қилди.

Унинг фикрича, Пекин COVID-19 борасида дунёни "алдаган" ва эпидемияни дастлабки босқичида тўхтатиш учун жуда оз иш қилган.

"Миссурида вирус оқибатлари катта – минглаб беморлар, кўплаб қурбонлар бор", - деди Шмитт.

У кичик бизнесдаги кўплаб компаниялар ёпилишга мажбур бўлгани ва уларнинг ходимлари оилаларини боқишга жуда қийналаётганини қўшимча қилди.

Миссури штати судига берилган даъво аризаси Хитой ҳукумати, Хитой коммунистик партияси, қатор вазирликлар, Хубэй провинцияси ва Уҳан шаҳри маъмуриятига қарши қаратилган.

Прокурорнинг сўзларига кўра, Хитой ҳукумати "жамоатчиликни чалғитган", "муҳим маълумотни яширган", "касаллик инсондан инсонга юқишини рад этган" ва ҳатто "ҳимоя воситаларини яширган". Шмиттнинг айтишича, "бу эпидемиянинг олдини олиш мумкин эди".

Дональд Трамп маъмурияти сўнгги пайтларда Хитойга қарши қаратилган айбловлар оташини янада оловлантириб, Чинни эпидемия сабабчиси сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top