23:11 / 23.04.2020
5279

Эрон Форс кўрфазидаги таҳдидлар юзасидан АҚШга норозилик билдирди

Эрон ташқи ишлар вазирлиги АҚШ қўшинлари Форс кўрфазида билдираётган таҳдидлар сабабли Вашингтонга норозилик билдирди.

Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббос Мусавий маълум қилди. 

Таъкидланишича, Эрон ташқи ишлар вазирлигига Эронда АҚШ манфаатларини билдирувчи Швейцариянинг Теҳрондаги элчиси чақиртирилган. “Элчига АҚШ расмийлари учун Эроннинг АҚШ кучлари таҳдидларига, жумладан Форс кўрфази шимолида ва Эрон соҳиллари яқинида ноқонуний ҳаракатлари, денгиз навигациясини издан чиқаришга уринишларига қатъий норозилиги билдирилган нота топширилди”, дейилган Мусавий баёнотида.

АҚШга топширилган нотада Эрон барча томонларнинг хавфсиз ва эркин кемачилик халқаро қоидаларига риоя қилиши зарурлиги, акс ҳолда Теҳрон “Форс ва Уммон кўрфазларидаги ҳар қандай таҳдид ёки ноқонуний ва тажовузкор ҳаракатларга” тегишлича жавоб бериши кўрсатилган.

Мусавий АҚШ президенти томонидан таҳдид қилишларни қоралаган ва унга “авантюрачилик” билан шуғулланмай, ўз флотини ўз мамлакатида коронавирусга қарши курашга ташлашни маслаҳат қилган. 

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ кемаларига тўсқинлик қилувчи Эрон катерларини йўқ қилишни буюрганини маълум қилганди. 

Ўз навбатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони бунга жавобан Эрон ҳарбий ва фуқаролик кемаларига таҳдид солувчи АҚШ ҳарбий кемаларини ўққа тутишни буюрганини маълум қилган. 

Бундай ўзаро таҳдидлар икки томон бир-бирини Форс кўрфазида хавфли ҳаракатлар содир этишда айблагандан кейин билдирилган.

Top