09:14 / 23.04.2020
5518

Карантин даврида пойтахтда жиноятлар сони кескин камайди - ИИББ

2019 йил апрель ойида 522 та жиноят қайд этилган бўлса, жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида қайд этилган жиноятлар сони 196 тани ташкил этди 

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги хизматчилари фуқаролар карантин қоидаларига риоя қилишларини таъминлаб, тун-у кун хизмат олиб боришмоқда, деб ёзади пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, шаҳарнинг ҳар бир маҳалласида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили борлиги, шунингдек ўзини яккалаш тартибига риоя қилаётган ҳамюртларимизнинг мулоҳаза билан иш тутишлари натижасида карантин жорий этилганидан буён жиноятлар сони сезиларли камайди.

Масалан, 2019 йил апрель ойида 522 та жиноят қайд этилган бўлса, жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида қайд этилган жиноятлар сони 196 тани ташкил этди.

Оғир жиноятларнинг (ўтган йили апрель ойида 111 та, жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида 37 та) ҳам, ўта оғир (2019 йил апрель ойида 30 та, жорий йил апрель ойида 4 та) жиноятларнинг ҳам сони камаймоқда.

Фирибгарлик (2019 йил апрель ойида – 93 та, жорий йил апрель ойининг 20 кунида – 44 та), оғир тан шикастлари (2019 йил апрель – 6 та, 2020 йил апрель ойининг 20 куни давомида – 4 та) ва енгил даражадаги тан шикастлар етказиш (2019 йил апрель – 13 та, 2020 йил апрель ойининг 20 куни давомида – 5 та), наркотик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятлар (2019 йил апрель – 49 та, 2020 йил апрель ойининг 20 куни давомида – 13 та) каби жиноятлар сони сезиларли даражада камайди.

Инсон ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида 3 тани ташкил этди, ўтган йилнинг апрель ойида эса ушбу рақам 10 тани ташкил этган. 

Жорий ойда транспорт воситалари ўғирлиги умуман қайд этилмади. Ўтган йили апрель ойида эса 3 та факт қайд этилган эди.

Жорий йил апрель ойининг 20 куни давомида бирорта ҳам босқинчилик фактлари содир бўлмади. Ўтган йили апрель ойида эса 1 та босқинчилик содир этилган эди.

Талончиликлар сони ҳам жорий ойда 3 тани ташкил этиб, ўтган йили апрель ойига нисбатан икки баравар камайган.

“Ҳурматли тошкентликлар ва шаҳримиз меҳмонлари! Пойтахт ИИББ ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Мудофаа вазирлиги хизматчилари сизга вазиятни тўғри тушунганингиз ва мулоҳаза билан иш тутаётганингиз учун миннатдорчилик билдиради ҳамда барчангизга сабр ва кўринмас душман устидан ғалаба тилайди”, - дейилади маълумотда.

Top