12:22 / 23.04.2020
3919

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди

Авиация, электр ва газ соҳаларини ислоҳ қилиш, 2020-2025 учун банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси каби устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик доирасидаги чора-тадбирлар режалаштириб олинди

Фото: AP Photos/Susan Walsh

Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти С.Мюллер, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича янги вице-президенти А. Бьерде ва банкнинг Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масъул ходимлари иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус инфекцияси тарқалиши ва унинг иқтисодий оқибатлари билан курашишга қаратилган чора-тадбирлари ва саъй-ҳаракатларини Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга оширишнинг амалдаги ҳолати муҳокама қилинди.

Банк раҳбариятининг маълум қилишича, “Коронавирус инфекциясига шошилинч жавоб" лойиҳаси учун 95 млн. доллар миқдорида ва "Ўзбекистонда бозор ислоҳотларининг барқарорлигини таъминлаш" лойиҳасини қўшимча молиялаштириш учун 200 млн. доллар миқдорида қарз битимлари бўйича музокаралар муваффақиятли якунланган ва ушбу ташаббусларни молиялаштиришни тасдиқлаш яқин кунларда кутилмоқда.

Мулоқот чоғида С. Мюллер "Дўстлик" ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги қарор учун Ўзбекистон президентига алоҳида миннатдорчилик билдириб, ушбу орден Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган Жаҳон банки жамоасининг муваффақиятли ишини тан олишини билдиришини, ва ўзаро муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги кўлами ва ҳамкорликка алоҳида ишонч даражасини англатишини таъкидлади.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича янги вице-президенти, жорий йилнинг 1 май ойидан ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган, А. Бьерде иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий динамикаси ва мамлакатни жадал ривожлантириш учун кенг истиқболлар мавжудлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон билан бевосита ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлганидан хурсанд эканлигини айтиб ўтди.

Видеоконференция якунига кўра авиация, электр ва газ соҳаларини ислоҳ қилиш, 2020-2025 учун банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси, олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси, шунингдек, солиқ ислоҳотларига кўмаклашиш ва солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш каби устувор йўналишлар бўйича ҳамкорлик доирасидаги чора-тадбирлар режалаштириб олинди.

Жаҳон банки раҳбарияти билан жорий лойиҳаларни жадал амалга оширишни, ҳамкорликнинг янги йўналишларини қамраб олган ҳолда ҳамкорлик кўламини кенгайтириш имкониятларини ўрганишни назарда тутиб Ўзбекистон билан ишлашнинг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Top