Ўзбекистон | 08:16 / 25.04.2020
3174
2 дақиқада ўқилади

Дори воситаларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилади

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш бўйича жавобгарлик белгилаш кўзда тутиляпти.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 23 апрель куни бўлиб ўтган видеоконференцалоқа шаклидаги ялпи мажлисида бир қатор масалалар депутатлар томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Парламент сайтида хабар қилинишича, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамасида қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда.

Жиноят кодексининг 186-3-моддасига кўра, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш бўйича жавобгарлик белгилаш кўзда тутиляпти. Шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши таклиф этиляпти.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда атрофлича кўриб чиқилди. Унинг аҳолининг соғлиғини сақлашдаги аҳамияти инобатга олиниб, депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид