Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2030-йилларда янги тиш ўстирувчи дори бозорга чиқиши мумкин
Япония олимлари инсонларда янги тишлар ўсишини рағбатлантириши мумкин бўлган инновацион препаратни синовдан ўтказмоқда. Мутахассислар ушбу технология келажакда тиш имплантларига эҳтиёжни қисман камайтириши мумкин деб ҳисобламоқда.
Япониянинг Toregem BioPharma стартапи инсон организмида қўшимча тишлар ўсишини чеклаб турувчи USAG-1 оқсилини блоклайдиган препарат ишлаб чиқди.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, мазкур дори организмда мавжуд бўлган, аммо фаоллашмаган тиш куртакларини «уйғотиши» ва янги тишлар ўсишига туртки бериши мумкин.
Лойиҳа доирасида олимлар дастлаб махсус ген ўчирилган сичқонларда тажриба ўтказган. Натижада уларда қўшимча тишлар пайдо бўлган. Кейинчалик препарат бошқа ҳайвонларда ҳам синовдан ўтказилган.
2024 йил охиридан буён Киото университети шифохонасида препаратнинг инсонлардаги клиник синовлари бошланган. Тадқиқотда камида битта тиши йўқ 30 нафар катта ёшли эркак иштирок этмоқда.
Ҳозирча синовларнинг якуний натижалари эълон қилинмаган. Олимлар ушбу босқичда иштирокчиларда янги тишлар ўсиши эҳтимоли паст эканини, асосий мақсад препарат хавфсизлигини баҳолашдан иборатлигини таъкидламоқда.
Агар дори хавфсиз деб топилса, кейинги босқичда у икки ёшдан етти ёшгача бўлган, туғма равишда тишлари етишмайдиган болаларда синовдан ўтказилади.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳар минг кишидан тахминан биттасида олтита ёки ундан ортиқ тишнинг туғма равишда йўқлиги кузатилади. Бу ҳолат овқат чайнашга қийинчилик туғдириши билан бирга, болалар ва ўсмирларда психологик муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.
Айрим мустақил экспертлар ҳатто янги тишлар ўсган тақдирда ҳам улар нотўғри жойлашиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ тадқиқотчилар бундай ҳолатларда ортодонтик даволаш усуллари ёрдам беришини таъкидламоқда.
Агар клиник синовлар муваффақиятли якунланса, Toregem BioPharma компанияси препаратни 2030-йилларда бозорга чиқаришни режалаштирмоқда. Аввалига у туғма тиш етишмовчилиги бўлган болаларни даволашда қўлланиши, кейинчалик эса кариес ёки жароҳат туфайли тишларини йўқотган катталар учун ҳам мослаштирилиши мумкин.
Мавзуга оид
17:11 / 19.05.2026
Андижонда қўлбола тарзда дори воситалари ишлаб чиқараётган яширин цех фош этилди
21:30 / 24.04.2026
Оҳангаронда 19 хил сифати кафолатланмаган дорилар муомалага киритилишининг олди олинди
22:14 / 11.04.2026
Қашқадарё ва Андижонда кучли таъсир қилувчи дори воситалари сотиб келган шахслар ушланди
08:31 / 07.04.2026