Жаҳон | 11:20 / 26.04.2020
7268
3 дақиқада ўқилади

Борис Жонсон ишга қайтмоқда

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 27 апрель куни коронавирусдан кейинги тикланиш жараёнини тугаллаб, ишга қайтади. Бу ҳақда CNN телеканали Даунинг-стритдаги манбага асосланиб хабар тарқатди.

Фото: AFP

Қайд этилишича, ҳукуматни Жонсон йўқлигида вақтинча бошқариб турган ТИВ раҳбари Доминик Рааб ўз ишига қайтган.

Даунинг-стритдагилар Жонсон «жангга тайёрлиги»ни айтиб ўтишган.

Сўнгги кунларда ҳукумат раҳбарларининг Лондондан ташқарида жойлашган Чеккерсдаги қароргоҳида соғлигини тиклаш билан банд бўлган бош вазир қиролича Елизавета II, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп билан алоқада бўлиб турган.

Жонсон 27 март куни твиттердаги саҳифаси орқали коронавирус юқтириб олгани ва шу туфайли иҳоталаниши ҳақида хабар қилганди. Ўшанда унда респиратор касалликнинг кучсиз белгилари кузатилган ва бош вазир масофадан туриб ҳукуматни бошқаришда давом этганди.

5 апрелга ўтар кечаси уни шифокор кўрсатмасига кўра Авлиё Фома шифохонасига олиб боришди, унинг тана ҳарорати кўтарилиб кетиб, қуруқ йўтал кузатила бошлаганди. 6 апрель куни Жонсоннинг аҳволи оғирлашган ва уни интенсив терапия бўлимига ўтказишганди.

Шу кундан Ташқи ишлар вазири Доминик Рааб ҳукуматни вақтинча бошқаришга киришганди.

12 апрель куни Жонсонга шифохонадан жавоб берилди. Кейинги куни коронавирус учун ўтказилган тест салбий натижа кўрсатди. Бош вазир ўзи даволанган клиника ходимларига, хусусан, у реанимацияга ётқизилган кунларда навбатчилик қилган ҳамшира Женни Макги ва тиббий ходим Луис Питармага алоҳида миннатдорчилик билдирганди. 

Қайд этиш керакки, Жонсоннинг қайтиши ҳукумат коронавирусга қарши курашда сусткашлик қилгани учун танқидга учраётган даврга тўғри келмоқда.

Ҳукуматдаги манбаларнинг маълум қилишича, Жонсон энди мамлакатда карантин чораларини юмшатишга шошилмайди.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, Буюк Британияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 148,3 мингдан ошган, 20 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Мавзуга оид